Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:47

Комиссия дастлабки хулосаларни эълон қилди


Шайбон 4 май куни “Freedom house”нинг Тошкентдаги ваколатхонасида Тошкент шаҳри ва Бухоро вилоятида содир бўлган портлашлар ҳамда 28 март куни Чорсу бозорида милиция ходими томонидан уриб ўлдирилган 65 ёшли Аҳмаджон Турдиев иши юзасидан мустақил текширув олиб бораётган жамоатчилик комиссиясининг илк матбуот анжумани ўтказилди.

Жамоатчилик комиссияси вакили Комрон Алиевнинг таъкидлашича, мазкур комиссия ўзини расмий ҳукумат комиссиясига қарши қўймайди. Агар расмий комиссия лозим топса, жамоатчилик комиссияси ўзида мавжуд маълумотларни унга тақдим этишга тайёр. Шу билан бирга, жамоатчилик комиссияси уюшган сиёсий гуруҳ ҳам эмас, жамоат суди вазифасини ҳам бажармайди.

Жамоатчилик комиссияси томонидан А.Турдиев ўлими билан боғлиқ йиғилган маълумотлар журналистлар ҳукмига ҳавола этилди. Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти аъзоси, шифокор Сотволди Абдуллаевнинг сўзларига қараганда, ҳукумат органлари А.Турдиев ишемик касаллик билан ўлгани ҳақида қалбаки ҳужжат берган. Марҳумнинг танасида, суякларида эзилиш, қорайиш борлиги, оғзидан қон келиш ҳолатлари суд тиббий экспертизаси хулосасида кўрсатилмаган.

“Мазлум” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ижрочи директори Аъзам Турғуновнинг таъкидлашича, А.Турдиевнинг ўлими тўғрисидаги далолатномада унда ишемия ва хафақонлик касали бўлгани ёзилган. Бироқ марҳумнинг қариндошлари у бундай касалликлар билан ҳеч қачон оғримаганини айтмоқда. Поликлиникада эса А.Турдиевнинг шахсий касаллик варақасини беришдан бош тортишган.

Жамоатчилик комиссияси экспертларининг хулосасига кўра, инсон тўсатдан ишемияга чалиниши ёхуд кутилмаганда юрак хуружига учраши мумкин эмас. Одам кучли ваҳима босганда ёки қаттиқ калтакланган ҳолдагина юрак хуружига учраши, қон босими ошиб кетиши натижасида ҳаётдан кўз юмиши мумкин. А.Турдиев аслида қаттиқ зарб оқибатида жон таслим қилган. Бу зарба эгаси Чорсу бозоридаги милиция таянч пункти ходими Шуҳрат Қосимовдир.

С.Абдуллаевнинг айтишича, айни ҳолатнинг астойдил яширилаётгани комиссия аъзоларини ҳушёрликка ундамоғи керак. Чунки А.Турдиевнинг қотили жавобгарликка тортилмаса, бундай ҳодисалар яна юз бериши мумкин.

Тошкент ва Бухорода содир бўлган воқеалар ҳамда А.Турдиевнинг ўлими юзасидан мустақил текширув ўтказаётган жамоат комиссияси раиси Олим Каримов мазкур текширувлар, албатта, охирига етказилишини алоҳида таъкидлади.

Комиссия аъзолари ўз суриштирувлари давомида турли кўринишдаги таъқиб ва дўқ-пўписаларга учраётганини маълум қилди.

Матбуот анжумани чоғида таниқли олим, комиссия аъзоси Қурбон Розиқов БМТ Бош котиби номига мурожаатнома йўллаб, мазкур ташкилотни содир бўлган воқеалар юзасидан халқаро текширув ўтказишга чақириш таклифини илгари сурди. Бу таклиф қабул қилинди.

Тадбир сўнггида “Freedom house”нинг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Мьюша Север хоним журналистларга мурожаат қилиб, жамоатчилик комиссияси томонидан билдирилган баёнотларга “Freedom house”нинг ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG