Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:18

Қаддингни ур, Муҳаммаджон Обидов!


Кўпгина томошабинлар Ўзбекистон телевидениесини ёлғон маълумотлар тарқатишда, аҳолининг бугунги турмуши тўғрисидаги ҳақиқатни яширишда айблайди. Яқинда Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида бўлиб ўтган воқеа томошабинлар фикрида жон борлигини тасдиқлагандай бўлади.

Тумандаги Туэл фуқаролар йиғини раиси Эркин Қўзиевнинг билдиришича, жорий йилнинг 25 апрель куни Ўзбекистон телевидениеси “Ахборот” кўрсатувининг Фарғона вилояти бўйича мухбири, Олий Мажлис депутати Муҳаммаджон Обидов ўз оператори билан Туэл қишлоғига келган. Уларнинг асосий мақсади деҳқонларнинг ойлик маошларини олаётгани манзарасини тасвирга тушириш бўлган.

Э.Қўзиевнинг таъкидлашича, мазкур манзарани тасвирга олишда “ахборот”чилар сохтакорликка йўл қўйган.

“Қишлоғимиз аёлларидан бир нечасини тўплашган. Йиғилганлардан пули бор-йўқлигини сўрашган. Аёллар йўқлигини айтган. Шунда оператор йигит ёнидан пул чиқариб берган. Аёллар пулни навбатма-навбат олиб, деҳқонларнинг маош олаётгани саҳнасини ўйнашган. Мен бу воқеадан таъсирланиб, “спектакл”да қатнашган аёлларнинг тўрттаси билан суҳбатлашдим. Улар ҳатто бўлиб ўтган воқеа ҳақида тушунтириш хати ҳам ёзиб берди”, - деди Э.Қўзиев.

Тушунтириш хатларидан бирининг эгаси Ўктамхон Қодировадир. У ўз тушунтириш хатида ўйналган “спектакль” ҳақида тўлиқ ёзган.

Э.Қўзиевнинг маълум қилишича, мана шу манзара 27 апрель куни “Ахборот” кўрсатувида эфирга узатилган.

Э.Қўзиевнинг “Озодлик” мухбирига айтган юқоридаги гапларини Туэл қишлоғида истиқомат қилувчи бошқа фуқаролар ҳам тасдиқлади.

Фарғона вилояти ҳокимлиги мутасаддиларидан бири 25 апрель куни “ахборотчи”ларнинг Ўзбекистон туманида бўлганини тасдиқлади. Аммо у ерда бўлиб ўтган мазкур воқеадан ҳокимликнинг хабари йўқлигини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG