Линклар

Адолат тантана қилди..ми?


Тўлқин “Бирлик халқ ҳаракати” партияси Жиззах вилоят кенгаши раиси, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Зарбдор тумани бўлими раиси Мўйдинжон Қурбонов ишини аппеляция тартибида кўриб чиққан Жиззах вилояти жиноят ишлари суди Зарбдор тумани судининг уни уч ярим йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисидаги ҳукмини бекор қилди.

М.Қурбонов жорий йилнинг 16 февраль куни ўтказилган тинтув вақтида унинг қаровсиз ётган товуқхонасидан ов милтиғи, 20 грамм кўкнори ва ўқ дори топилгани учун ҳибсга олинган эди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 248 (қурол ва ўқ-дори сақлаганлик) ва 276-моддалари (гиёҳванд моддаларни ноқонуний сақлаш) билан жиноят иши қўзғатилганди.

Мухолифат вакиллари, маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ушбу иш тўқиб чиқарилгани хусусида бонг урган эди. М.Қурбонов иши юзасидан Зарбдор тумани судида ўтказилган жараёнларда Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Крейг Мюррей, бир қанча элчихоналар вакиллари, “Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонаси вакиласи Алисон Гилл хоним иштирок этганди.

Аммо халқаро ташкилотлар ва элчихоналар аралашувига қарамай, Зарбдор тумани суди 9 апрель куни М.Қурбоновни 3,5 йилга озодликдан маҳрум этган эди.

Мазкур ҳукмдан норози бўлиб ҳимоя томон ёзган шикоят аризаси Жиззах вилояти жиноят ишлари судида кўриб чиқилди. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Жиззах вилояти бўлими раиси Бахтиёр Ҳамроевнинг маълум қилишича, 4 май куни вилоят суди ушбу ҳукмни бекор қилган. Аммо суд айбланувчини тўла оқламаган. М.Қурбонов 270 АҚШ доллари миқдорида жарима тўлаши лозимлиги ҳақида ажрим чиқарилган. Суд адвокатлар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг М.Қурбоновнинг бутунлай айбсизлиги, далилий ашёлар унга нисбатан жиноят иши қўзғатганлар томонидан ташлаб қўйилгани ҳақидаги даъволарини инобатга олмаган.

Б.Ҳамроевнинг таъкидлашича, М.Қурбонов ушбу жаримани тўлаган кундан бошлаб судланган шахс ҳисобланмайди.
XS
SM
MD
LG