Линклар

Афғон муҳожирлари ўз мамлакати қонун-қоидаларидан норози


Зикрилло Ишонч Тахминий ҳисоб-китобларга қараганда, Ўзбекистонда афғонистонлик 10 мингдан ортиқ муҳожир яшайди. Улардан 3 мингдан ортиғи БМТ ҳимоясидадир. Ҳар бир муҳожир, у бирор мамлакатда қандай мақомда истиқомат қилаётганидан қатъий назар, ўз миллий паспортига эга бўлиши керак. Афғонистон қонунларига кўра, мана шундай паспорт эгалари ҳар йили ўз паспортининг амал қилиш муддатини узайтириб туриши керак. Агар бу муддат узайтирилмаса, у муҳожир сифатида яшаётган давлатда ноқонуний ҳужжат билан яшаётган ҳисобланади.

Маълумотларга кўра, Афғонистон элчихонаси Ўзбекистонда яшаётган муҳожирларнинг паспорт муддатини узайтириб бериш учун 100 АҚШ доллари миқдорида тўлов олади. БМТ ҳимоясидаги қочқинлар учун бу тўлов миқдори 50 долларни ташкил этади. Шу боис, Ўзбекистонда истиқомат қилаётган афғонистонлик муҳожирлар ўзларининг паспорти амал қилиш муддатини катта миқдорда пул тўлаб узайтирилишидан норозилик бўляпти.

Нодир исмли муҳожирнинг сўзларига қараганда, у оила аъзолари (хотини, тўрт қизи) билан Ўзбекистонда 10 йилдан буён яшайди. Агар Афғонистонда демократик давлат қурилмаса, юртига қайтмоқчи эмас. Қўшимча даромади бўлмагани сабабли элчихона паспорт муддатини чўзиш учун белгилаган тўловни тўлашга қодир эмас.

Яна бир муҳожир ўз миллий паспорти амал қилиш муддатини чўзиш учун пул тўлашни адолатсизлик ҳисоблайди.

“Толиблар зулмидан қочиб Ўзбекистонга келганимизга 6-7 йил бўлади. Хотиним ва беш фарзандим бор. Бу ерда ҳам иш йўқ. Афғонистон элчихонасига борсак, паспортни бир йил чўзиб беришга 100 доллар сўрашяпти. Буни тўлишга имкониятимиз йўқ”, - деди у.

Муҳожир Абдул Ҳамиднинг таъкидлашича, афғон қочқинлари орасида ўнтадан ошиқ фарзанди борлар ҳам топилади. Агар бундай оилалардан 8-9 киши 18 ёшдан ошган бўлса, уларнинг паспорт муддатини узайтириш учун йилига минг долларга яқин пул талаб қилинади.

Афғонистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Абдул Самаднинг сўзларига қараганда, Афғонистон қонунларига кўра, фуқароларнинг паспорт муддатини узайтириш пулликдир. Бошқа мамлакатлардан фарқли ўлароқ, Марказий Осиё давлатларида истиқомат қилаётган афғон муҳожирларига бу борада маълум имтиёзлар берилган. Яъники, муҳожирлик мақомига эга шахслар паспорт муддатини бир йилга узайтириш учун 50 доллар тўлайди, холос.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган афғон муҳожирлари Ҳомид Карзай бошчилигидаги ўтиш даври ҳукумати ўзларидан аввалги тузумлар яратган қонунлар асосида иш юритаётганини таъкидлади. Уларнинг айтишича, коммунистлар, мужоҳид гуруҳлар ва толиблар томонидан ишлаб чиқилган мазкур қонун-қоидаларда фуқаролик ҳақ-ҳуқуқига эътибор қаратилмаган.
XS
SM
MD
LG