Линклар

Қозоғистонда иккинчи сиёсий мухолиф партия рўйхатга олинди

  • Садриддин Ашур

Қозоғистон Адлия вазирлиги 4 май куни “Қозоғистон демократик танлови” Халқ партиясини рўйхатга олди. Бу -- шу пайтгача мамлакатда рўйхатга олинган иккинчи сиёсий мухолиф партиядир. Партия раиси Ғалимжон Жакиянов эса, ҳамон қамоқхонада жазо муддатини ўтаяпти. Хўш, бу партия Қозоғистон ижтимоий-сиёсий ҳаётида қандай ўрин тутади? Унинг йўналишлари қандай? Партия а’золари қанча? Бу партия ҳақиқатан ҳам ҳукуматга мухолиф бўла оладими? Ҳамкасбим Садриддин ана шу саволларга жавоб излашга ҳаракат қилди.

“Қозоғистон Демократик танлови” Халқ партияси сиёсий кенгаш ҳай’ати а’зоси, сенатор Гауреш Батталовага берилган ҳужжатда “бу гувоҳнома партиянинг Қозоғистон Республикаси қонунчилиги доирасида фаолият олиб боришига далолат беради”, деб ёзилган. Гауреш Батталова гапиради:


“Бугун Адлия вазирлигидан партиянинг қайддан ўтганлиги тўғрисидаги ҳужжатни қўлимга олдим. Демак, бугунги кундан Қозоғистон сиёсий майдонида янги бир партия саҳнага чиқди.”


Қозоғистонда шу кунгача расмий рўйхатдан ўтган 9 партия бор. “Қозоғистон Демократик танлови” Халқ партияси бу рўйхатга ўнинчи бўлиб қўшилди. Ҳукуматга мухолиф партия сифатида эса иккинчи партиядир. “Оқ йўл” Демократик партияси ҳам мухолиф партия ҳисобланади. Лекин кузатувчиларнинг айтишларича, бу партиянинг ҳақиқий мухолиф эканлиги кўп ҳолларда сезилмай қолади. Янги рўйхатга олинган партиянинг Қозоғистон сиёсий майдонида фаол ҳаракат қилиши кутилаяпти. Шу ўринда унинг пайдо бўлиш тарихига бир назар ташласак.


2001 йилнинг ноябр ойида Павлодар вилоятининг ҳокими бўлган Ғалимжан Жакиянов “Қозоғистон демократик танлови” жамоатчилик бирлашмасининг ташаббусчиларидан бири бўлиб майдонга чиқди. Жакиянов ва унинг тарафдорлари э’лон қилган декларацияда, ҳукуматдан мамлакатда ҳақиқий демократик ўзгаришлар қилиш, сайлов, суд соҳаларида ислоҳотлар амалга ошириш ва ОАВни монополиядан чиқариш талаб қилинган эди. Лекин бу талаблар қўйилганидан бир неча кун ўтиб, Жакиянов ҳокимлик вазифасидан бўшатилди. Кузатувчиларнинг айтишларича, шундан сўнг у ҳукумат томонидан та’қиб қилина бошланди ва 2002 йилнинг август ойида уюштирилган жиноий иш бўйича суд қилиниб, 7 йилга озодликдан маҳрум этилди.


Ғалимжон Жакиянов қамалгандан бери ҳукумат партияни ҳукумат рўйхатга олмай келаётган эди. Партия вакилларининг айтишларича, улар энди сиёсий кураш майдонига кирдилар. Ҳозирнинг ўзида бу партиянинг Қозоғистонда 72 мингдан ортиқ тарафдори бор. Партия матбуот маркази тарқатган баёнотда айтилишича, партиянинг ҳуқуқий жиҳатдан тан олиниши, шунча йиллар мобайнида партияни радикал-экстремистик сафига қўшишга уриниб, уни сиёсий майдондан полициянинг тўқмоқлари билан ҳайдаб чиқармоқчи бўлганларга муносиб жавоб бўлди.


Хўш, Қозоғистондаги бошқа партия вакиллари бу воқеага қандай муносабат билдиришмоқда? Улар янги мухолиф партияни қандай қабул қилишди? “Оқ йўл” Демократик партияси ҳамраиси Олтинбек Сарсанбоев фикрича, янги партиянинг сиёсий кураши энди бошланади:

“Қозоғистон Демократик танлови” халқ партиясининг рўйхатга олиниши билан мен уларни қутлайман. Бу жуда катта қадам бўлди. Ҳукуматдаги расмийларнинг мухолифатда шундай одамлар борлигини тан олиб, уларга эркин кураш майдони яратиб беришининг ўзи ҳам катта гап. Менимча, бу партия асосан “Ватан” партияси билан мухолифатда бўлади.”

Кузатувчиларнинг айтишларича, “Ватан” партияси мамлакат Президенти Нурсултон Назарбоевга қарашли. Унинг ҳам а’золари кўп. Бу партия вакили Пўлатхон Тайжон шундай фикр билдирди.

“ Куни-кеча мамлакатда рўйхатга олинган 9 партия ваиллари ўзаро келишиб, махсус Хартияни имзоладилар. Унга кўра сайловолди компанияларда ОАВидан тенг фойдаланилади, бир-бировни ҳақорат қилиш бўлмайди, адолатли ва ҳалол компания олиб борилади. “ Қозоғистон Демократик танлови” партиясининг рўйхатга олиниши ҳам катта воқеа бўлди. Ўйлайманки, улар ҳам ана шу Хартияга қўшиладилар”, -деди Пўлатхон Тайжон.



“Қозоғистон Демократик танлови” Халқ партияси вакиллари сиёсий курашни бошлаб юбордилар. 8 майда Қўшмурунда Ғалимжан Жакиянов туғилган кунини нишонлаш, 16 майда Жамбулда , 31 майда Олма-отада митинглар ўтказиш ва 2004 йил кузида бўладиган сайловларга тайёргарлик кўриш, шулар жумласидандир.
XS
SM
MD
LG