Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:34

Олег Панфилов:"Президент Каримов ҳақ, бироқ..."


3 май куни Жаҳон матбуот эркинлиги куни нишонланди. Ўзбекистонда ҳам бу санага бағишланган бир қатор тадбирлар ўтказилди. Хусусан, Тошкентда бўлиб ўтган бир тадбирда маҳаллий журналистлар сўз ва фикр билдириш эркинлиги мамлакат ривожи ва жамият барқарорлигининг гарови эканлиги тўғрисида фикр билдирдилар.

Ўша кунги тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Матбуот ва Ахборот агентлиги бош директори Рустам Шоғуломовнинг айтишича, мустақилликкача Ўзбекистонда 90 та оммавий ахборот воситаси бўлган эса, бугунга келиб, бу рақам 800га етган.

Бироқ, Ўзбекистонда матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазиятни яқиндан билувчилар фикрича, ахборот воситалари сонининг қарийб 10 бараварга кўпайиши бу мамлакатда матбуот эркин, деган фикрни англатмайди.

Уларнинг фикрича, постсовет ҳудудда Ўзбекистон матбуоти эркин бўлмаган мамлакатлар рўйхатини бошлаб берувчи давлатлардан биридир.

Хўш, Ўзбекистон матбуотининг эркин эмаслиги сабаби нимада? Бу саволнинг жавобини излаш учун жуда кўп вақт сарфланган бўлсада, бу мавзуга бугун яна бир бор қайтаяпмиз.

Россия Журналистлар Уюшмаси қошидаги Экстремал Журналистика маркази раҳбари Олег Панфилов Жаҳон матбуот эркинлиги куни арафасида Озодлик радиосининг Прагадаги қароргоҳида мухбирлар саволларига жавоб берар экан, Президент Каримов олиб бораётган сиёсат туфайли Ўзбекистонда шаклланган муҳит тўғрисида, мамлакатда экстремистик ғоялар тарафдорлари кўпайиб бораётгани тўғрисида мана бундай фикр билдирган эди:

“Каримов режими қандайдир бошқа мафкура ривожланиши учун шароит яратиб берувчи хавфли режимдир. Каримов хатто демократик мухолифатни ҳам йўқ қилганидан кейин, бўм-бўш мафкуравий макон пайдо бўлди. Бу эса яна ҳам хавфлироқдир. Бу билан Каримов ўзини ўта қийин аҳволга солиб қўйди ”.

Экстремал Журналистика маркази раҳбари билан Ўзбекистонда матбуот эркинлиги мавзуида олиб борган суҳбатимизда эса, юқоридаги фикрига зидроқ фикр билдирди. Жаноб Панфиловдан, Ўзбекистон Президенти ўз чиқишларида бир неча бор журналистларни журъатсизликда айблаган эди, демак, мамлакат матбуоти демократик мамлакатда бажариши лозим бўлган вазифасини бажара олмаётган экан, бунга журналистларнинг ўзлари айбдор бўлиб чиқаяпти, Президент ҳақми, деб сўрадик.

"Президент Каримов ҳақ, чунки Ўзбекистон журналистикасининг жуда кўп ички муаммолари бор. Журналистлар, энг аввало, қўрқинч ҳисидан қутула олмаяптилар", - дейди Олег Панфилов.

Ўзбек журналистлари қутулолмаётган қўрқинчнинг илдизларини суҳбатдошимиз тоталитар совет мафкурасидан излайди. Унинг фикрича, постсовет ҳудудидаги, жумладан ўзбекистонлик журналистлар сўз ва матбуот эркинлигини янглиш тушуниб олмоқдалар.

"Уларнинг фикрича, - дейди Панфилов, - эркин журналист ва журналистика ҳокимиятга мухолиф кучдир, аслида эса,
агар биз янгича журналистиканинг пайдо бўлиши ва ривожи ҳақида сўз юритадиган бўлсак, журналистнинг вазифаси холис информация етказишгина эканлигини тушуниб етишимиз лозим. Масалан, журналист "Президент Каримов мана бу ва ана у ишларни қилди", деб хабар бериб қўйишигина лозим. Унинг ишларига журналист баҳо бермасин, бу иш учун мутахассисларни ҳамда мухолифат вакилини жалб қилсин".


Суҳбатни давом эттирар эканмиз, жаноб Панфиловдан, айтайлик, ўзбекистонлик журналист, "мухолифатчилик" қилмади. Бироқ, у, сиз айтаётган бурчига содиқ қолган ҳолда, "журъат отига миниб" олий мартабали бирон-бир давлат амалдорининг порахўрлигини фош қилувчи мақола ёзди. Мақолани ўта ишончли ҳужжатларга асосланиб ёзди, деб тасаввур қилайлик. Уни журъатли муҳаррир эълон қилиб юборди. Хўш, шундан кейин нима бўлади, деб сўрадик. Мана Олег Панфиловнинг жавоби:

"Нормал мамлакатда ҳокимият дарҳол бундай мақолага муносабат билдиради, чунки нормал мамлакатда ҳокимият жамият назорати остида бўлгани учун муносабат билдирмаслиги мумкин эмас. Бироқ, Ўзбекистонда вазият бундай бўлмаганлиги сабабли, бу мамлакатда ҳеч қандай муносабат билдирилмайди, тўғрироғи, мақолани ёзган журналистни таъқиб қила бошлайдилар".

Cезаяпсизми, гап, айланиб келиб, яна суҳбатимизга мавзу бўлган саволга қайтди:"Ўзбекистон матбуоти нима учун эркин эмас?"

Экстремал Журналистика маркази раҳбари Олег Панфиловнинг ўгитларини инобатга олган ҳолда, бу савол устида бош қотириш ҳуқуқини Сизнинг ўзингизга қолдирамиз.
XS
SM
MD
LG