Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:25

Бакра йўқолиб бораётган балиқлар рўйхатига қўшилди.


Аввалги дастурларимиздан бирида Каспийнинг бакра балиғи икраси, яъни, увилдириғи асосан АҚШга экспорт қилинаётгани, бироқ америкалик олимлар бу балиқ сони тобора камайиб кетаётганидан ташвиш билдираётганлари ҳақида ҳикоя қилган эдик. “Тоза табиат” рукнининг бугунги сони яна икра экспорти ва импортининг Каспийдаги балиқ турлари камайишига сабаб бўлаётгани, балиқчилик саноати ҳамда сув муаммолари мавзуига бағишланган.

АҚШнинг “Балиқ ва Ёввойи Ҳайвонот Дунёси” ташкилоти бакра балиғини дунёдаги камайиб бораётган ва йўқолиб кетиш таҳдидига учраган балиқлар рўйхатига киритди. Шу сабаб, келаси ойлар ичида АҚШ бакра балиғи икраси, яъни, увилдириғи импортини чеклаши мумкин. 2000 йилда АҚШ дунёда тайёрланаётган балиқ увилдириғининг 80 фоизини импорт қилган. 2002 йилда эса бу кўрсаткич 20 фоизга камайган. Россия ҳар йили АҚШга тахминан бир тонна, Қозоғистон эса салкам беш тонна бакра увилдириғини экспорт қилади ва бундан катта даромад кўради.

Ғарб давлатларида бир килограмм бакра увилдириғи тахминан уч ярим минг доллар туради. Россия ва Қозоғистондаги консерва заводлари эса хорижлик харидорларга бир килограм бакра увилдириғини 500 доллардан сотмоқда. Айни пайтда, қонуний ёки ноқонуний йўллар билан тайёрланган бир килограмм бакра увилдириғининг минтақадаги баҳоси 200 - 300 долларни ташкил этмоқда. Агар АҚШ бакра увилдириғи импортига чеклов жорий этса, Россия ва Қозоғистон катта даромаддан қуруқ қолиши мумкин.

Атроф-муҳит ҳимоячилари ва олимларга кўра, 100 йилгача яшай оладиган бакра балиғи узунлиги 7 метр, оғирлиги бир тоннагача бўлиши мумкин. Олимлар фикрича, бундан 250 миллион йил олдин ҳам яшаган ушбу ноёб балиқ турини генетик нуқтаи назардан ўрганиш катта илмий аҳамиятга эга. Мутахассисларнинг таъкидлашларича, сўнгги 15 йил давомида бакра балиғининг тахминан 90 фоизи овлаб бўлинган.

Россия 1960 йилдан бери Волга дарёсига 600 миллион дона майда ёш бакра балиғини қўйиб юборган. Шунга қарамай, ҳозирги кунда Волгада бакрани учратиш амри-маҳол.

Қозоғистондаги атроф-муҳит масалалари билан шуғулланувчи “Экоцентр” нодавлат ташкилоти раҳбари Кайша Отахонова бакра балиғи камайишини тўхтатиш учун Қозоғистон ҳукумати ов чеклови жорий этганини айтади. Отахоновага кўра, ҳозирда Қозоғистонда бакрани кўпайтириш талаб даражасида эмас:

“Совет даврида Балиқ хўжалиги институти фаолияти яхши йўлга қўйилган эди. Иттифоқ парчалангани институт фаолиятига салбий таъсир кўрсатди ва бу тизим кўнгилдагидек ишламаяпти ”, - дейди атроф-муҳит ҳимоячиси.

Қозоғистоннинг Урал дарёси бакра балиғи урчиб кўпаядиган ягона макон бўлиб қолмоқда. Аммо сув ифлосланиши бу маконга ҳам жиддий таҳдид солмоқда:

“Вазиятнинг аянчлилиги шундан иборатки, Каспий денгизи ва Урал дарёсининг қўйилиш жойи, айниқса, сув туби жуда ифлосланган. Ҳатто бакра балиғи тухум қўйиб урчиш учун дарёнинг юқори қисмига сузиб ўтолмайди. Кемалар сузмайдиган дарё туби ҳеч қачон тозаланмайди”, - дейди қозоғистонлик атроф-муҳит ҳимоячиси.

Маҳаллий бозор савдогарлари ва журналистларга кўра, Қозоғистонда ҳам Россиядаги каби бакра балиғи йилдан-йилга камайиб бормоқда. Балиқчи ширкатлар маҳаллий ҳукумат расмийларига пора бериб, белгиланган нормадан бир неча баробар кўп балиқ овлаб, ортиқча увилдириқни қора бозорда сотмоқдалар.

Қозоғистондаги “Экоцентр” нодавлат ташкилоти раҳбари Кайша Отахонова бакра балиғи камайиб кетишининг олдини олиш учун овга мораторий эълон қилиш кераклигини айтади:

“Нодавлат ташкилотлари фикрича, балиқ овига мораторий жорий этиш керак. Шу орқали ҳеч бўлмаса давлат амалдорлари фойдасига ишлаётган коррупция тармоғи, яъни, гўёки қонуний равишда балиқ овлаётган бригадалар ҳам балиқ овини тўхтатишга мажбур бўладилар”, - дейди атроф-муҳит ҳимоячиси.
XS
SM
MD
LG