Линклар

Митингга рухсат сўраб пикет ўтказилди


Тўлқин 6 май куни бир гуруҳ инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва оддий фуқаролар Тошкент шаҳри ҳокимлиги биноси олдида навбатдаги норозилик акциясини ўтказди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг таъкидлашича, норозилик акцияси ўтказишдан мақсад шаҳар ҳокимлигидан жорий йилнинг 1 июнь куни бўлиб ўтиши режалаштирилган митингга рухсат сўрашдир. Ўзбекистон мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи вакили Баҳодир Чориевнинг айтишича, у 20 апрель куни Тошкент шаҳар ҳокимлигига ариза билан мурожаат қилиб, 1 июнь куни соат 10 да Ўзбекистон телевидениеси олдидаги майдонда Президент Ислом Каримовнинг истеъфосини талаб қилиб митинг ўтказишга рухсат сўраган.

Мазкур гуруҳнинг яна бир вакиласи Елена Урлаеванинг сўзларига қараганда, инсон ҳуқуқлари 1 июнь куни пикет эмас, митинг ўтказишни режалаштирганига сабаб ҳукуматнинг ўзбошимчалиги, сўз эркинлиги ва демократиянинг йўқлиги, қийноқлар ва айбсиз қамашлар давом этаётганидир.

Пикетда иштирок этган айрим фуқаролар ўзларининг хусусий турар-жойлари маҳалла мулозимлари томонидан тортиб олинишидан норозилик билдирди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти вакили Абдужалил Бойматов эса 28 март куни Чорсу бозорида уриб ўлдирилган Аҳмаджон Турдиевнинг қотилини жиноий жавобгарликка тортиш, террорчиликка қарши кураш боҳанасида қамалган бегуноҳ кишиларнинг қийноққа тутилишига чек қўйилишини талаб қилди.
XS
SM
MD
LG