Линклар

Деҳқон аёллар фаоллашмоқда


Феруза Бухорода Аёл деҳқон ва вилоят фермер хўжаликлари уюшмаси тузилди. У нафақат вилоятда, балки мамлакатда худди шу турдаги ягона ташкилотдир.

Янги уюшма АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги – ЮСАИД кўмагида “Винрок интернейшнл” ташкилотининг “Фермер фермерга” лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

Уюшма раиси Инобат Рустамованинг сўзларига қараганда, фермер аёллар нисбатан тортинчоқ. Шу сабабли улар ўз муаммоларини ҳал қилишга кўпинча қийналади. Бунинг устига, деҳқон аёллар кўп меҳнат қилса-да, вақтида иш ҳақини ола олмайди. Уюшма уларнинг мазкур муаммоларини ҳал қилишга кўмак беришни мақсад қилган.

“Винрок интернейшнл” ташкилотининг “Фермер фермерга” дастури менежери Инобат Отамуродованинг таъкидлашича, дастурни амалга оширишдан мақсад Ўзбекистондаги деҳқон аёллар муаммоларини кўтариб чиқишга кўмаклашишдир.

“Дастуримиз ходимлари Ўзбекистонда фермерлар учун ташкил этилаётган ҳар қандай тадбирда фақат эркак фермерлар қатнашаётганига эътибор қаратди. Ахир мамлакат далаларида меҳнат қилаётганларнинг аксарияти аёллар-ку? Нега энди улар жамиятда бу қадар қолоқ ва ўзлари учун яратилаётган имкониятлардан фойдаланишни билмайди? Хуллас, биз ўзбек деҳқон аёллари олдида турган шу каби муаммолари ечишга ёрдам бериш учун иш бошладик. Биринчи бўлиб Бухорода уюшма туздик. Яқинда Жиззах вилоятида ҳам шундай уюшма ташкил қиламиз”, деди менежер.

И.Отамуродова мамлакатда Фермерлар ва фермер хўжаликлари уюшмаси борлиги, лекин у давлат ташкилоти экани, шу билан бирга, молиявий имкониятлари ҳам чекланганини таъкидлади. Унинг айтишича, илгари Фермер ва фермер хўжаликлари уюшмасига кўпчилик ишонч билдирмаган. Бу уюшмага янги раҳбар – Соҳиб Қобулов келгач, у ишга янгича ёндоша бошлаган. Бу уюшма айни пайтда бутун эътиборини фермерларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ҳуқуқини билмаслик оқибатида келиб чиқаётган муаммоларни ечишга қаратган.

И.Отамуродованинг билдиришича, Бухорода ташкил этилган уюшма Фермер ва деҳқон хўжаликлари уюшмаси ва унинг вилоятлардаги бўлимлари билан ҳамкорликда ишлайди. Фермерлар учун тренинглар ташкил этилади. Бу тренингларда фермернинг ўзини ўзи ҳимоя қилиш механизми ўргатилади.

Маълумотларга қараганда, Бухорода Аёл деҳқон ва вилоят фермер хўжаликлари уюшмасини тузишга “Тадбиркор аёл” уюшмаси ҳам яқиндан ёрдам берган.
XS
SM
MD
LG