Линклар

logo-print

АФИНА ОЛИМПИАДА АРАФАСИДА

  • Ҳурмат Бобожон

Бу йилги ёзги Олимпиада Греция пойтахти Афина шаҳрида 13-29 август кунлари бўлиб ўтади. Шаҳарнинг турли нуқталарида ушбу мусобақаларга тайёргарлик ишлари жадал суратларда олиб борилмоқда. Спорт мажмуаларини қуриш ишлари тўқсон фоиз бажарилган. Олимпия ўйинларининг тантанали очилиши бўлиб ўтадиган Афинадаги асосий ўйингоҳ устига 18 минг тонна келадиган томни ётқизиш ишлари шу хафта оҳирига режалаштирилган.

Аммо, бўлғуси Олимпиада билан боғлиқ маалалар фақат спорт мажмуаларининг қурилиши билан чекланмаган. Сешанба куни Афинада содир этилган портлашлар Олимпия ўйинлари давомида хавфсизликни таъминлаш осон бўлмаслигини кўрсатди.

Греция пойтахтида сешанба куни рўй берган портлашлар Афинада ўтадиган ёзги Олимпия ўйинлари бошланишига 100 кун қолганда рўй берди. Бу эса халқаро спорт мусобақалари пайти ҳам шундай ҳужумлар содир этилмасайди, деган қўрқувни янада кучайтирди.

Афинада ўтадиган бу йилги ёзги Олимпиада ўйинлари спорт тарихидаги энг нуфузлиси бўлиши кутилмоқда. Ўйинларда 202 давлатдан жами 10 ярим минг спортчи иштрок этади. Кўплаб оммавий ахборот воситалари ушбу мусобақаларни ёртишни режаламоқдалар. Олимиадани томоша қилиш учун Грецияга боришни ният қилиб қўйган спорт ишқибозлари сони эса бир неча юз минг одамни ташкил этади.

Шу пайтгача Олимпия ўйинлари ўтадиган спорт иншоотларини вақтида қуриб топшириш Греция ҳукумати учун асосий масала бўлган эди. Аммо, Афинадаги портлашлардан сўнг мусобақаларнинг тинч ва осойишта ўтишини таъминлаш зарурати янада кучайди.

Бироқ, Афина шаҳар хокими Дора Бакояннисга кўра, ортиқча хавотирларга ўрин йўқ. "Бу жуда кичик, алоҳида олинган бир ходиса. Бу каби ходисалар дунёнинг ҳар бир пойтахтида рўй бериши мумкин. Унинг Олимпиада хавфсизлигига ҳеч қандай алоқаси йўқ", - деди Дора Бакояннис.

Греция Бош вазири Костас Караманлис ҳам шу каби фикрни айтиб Олимпия ўйинлари давомида хавфсизликни таъминлашда НАТО ва Европа Иттифоқи ёрдам беришларини маълум қилди.

Афина шаҳар маъмуриятига кўра, Олимпиада мусобақалари давомида хавфсизликни таъминлаш учун Греция ҳукумати 650 миллион евро миқдорида пул ажратган. АҚШ ҳукумати 2002 йилги Солт Лейк Ситида ўтган қишки Олимпиада ўйинларида хавфсизлик учун 300 миллион доллар ажратган эди. Бу рақамлар Грецияда ўтадиган олимпия ўйинлари давомида хавфсизликни таъминлаш ишларига жуда катта эътибор берилаётганидан дарак бермоқда.

Бироқ, Британияда чиқадиган "Гардиен" газетасининг спорт шархловчиси Данкан МакКэй Афина расмийларининг бундай баёнотларига қарамай, қўрқув бари бир борлиги ҳамда юз минглаб одам йиғиладиган жойларда юз фоиз хавфсизликни таъминлаш имконсиз эканини таъкидлайди.

"Атлантада бўлган Олимпиада мусобақаларида ўта юқори даражадаги хавфсизлик чораларига қарамай, бомба портлатилдику", - дейди британ журналисти.

1996 йили Американинг Атланта шаҳрида ўтган Олимпиада ўйинларида рўй берган портлаш оқибатида бир киши нобуд бўлган, юзлаб киши жароҳат олган эди. Европа Спорт Психологияси Федерацияси мутахассиси Реинхарт Шталтер бундай воқеалар спортчилар учун ортиқча стресс яратиши, лекин улар стрессга қарши усуллар ёрдамида ўзларини мусобақаларга тайёрлашга қодир эканларини айтади.

Аммо, Брюсселдаги Европа Тадқиқотлари Марказининг хавфсизлик масалалари бўйича таҳлилчиси Кристофер Мейер Олимпия ўйинлари террорчилар учун нишон бўлишига шубҳа билан қарайди.

"Олимпиада миллатлараро тинчлик ва ҳамкорлик рамзидир. Ва албатта, ушбу мусобақаларда араб давлатлари спортчилари ҳам қатнашишади. Агар террорчилар олимпия ўйинларини нишонга олишса, бу дунёда ижобий қабул қилинмайди. Чунки ҳар бир террорчилик ҳаракати бирон сиёсий мақсадни кўзлайди", - дейди Кристофер Мейер.
XS
SM
MD
LG