Линклар

ФОТОСУРАТЛАР БИЛАН БОҒЛИҚ ЖАНЖАЛ ДАВОМ ЭТМОҚДА

  • Ҳурмат Бобожон

Америка аскарлари ироқлик махбусларни қийноққа солаётгани ва таҳқирлаётгани акс этган фотосуратларнинг матбуотда пайдо бўлиши Пентагон раҳбариятини анча мураккаб вазиятга қўйди. Бу ҳодиса туфайли АҚШ Конгрессидаги айрим демократлар Мудофаа Вазири Доналд Рамсфелд истеъфосини талаб эта бошладилар. Хусусан, конгрессмен Чарлз Рэнгел агар Буш Рамсфелдни лавозимидан четлаштирмаса, Конгресс Президентнинг ўзини импичмент қилиши керак, деган фикрни билдирди.

Куни-кеча "The New Yorker" журналида яна бир неча янги фотосуратлар эълон этилди. Уларда ироқлик махбусни итга қоптириш жараёни, хусусан қип яланғоч ироқлик махбус, унинг атрофида эса америка аскарлари немис офчарка итлари билан тургани, яна бир фотосуратда эса айни ирқолик махбуснинг ит қопиш белгиси билан оёғи қонга беланиб ётганини кўриш мумкин.

"Нью Йоркер" да босилган мақола муаллифи Сеймур Хершнинг айтишича, бу унинг ихтиёрида бўлган фотосуратларнинг бир қисми холос. Херш ушбу фотосуратлар Ироқ қамоқхоналарида махбусларни қийнаш ва таҳқирлаш оммавий тус олганини кўрсатиши ва бунга авваламбор Буш маъмуриятидагилар жавогар эканини айтади. "Масала моҳияти олти, етти нафар йигитнинг ножўя ишлар қилаётганида эмас. Эълон этганимиз бу фотосуратлар бутунлай бошқа бир ҳарбий қисмда олинган. Демак, қийноқлар акс этган яна 60, 70, балки 600та, 700та фотосурат пайдо бўлишини кутишимиз мумкин экан-да? Бу ерда олиб борилаётган сиёсат, унга масъул одамлар, генераллар, юқорида ўтирган амалдорларга эътибор қаратиш керак. Ёзган мақолам ҳам бунга масъул юқори лавохимли одамлар ҳақидадир. Бунга жавобгарлар юқорида ўтирганлар", - дейди "The New Yorker" журнали мухбири Сеймур Херш.

Айни пайтда, Оқ Уй маъмурияти Рамсфелднинг лавозимидан кетишига йўл қўймасликка зўр бериб ҳаракат қиляпти. Президент Жорж Буш Пентагон раҳбарини ёқлаб, баёнот бергани, Вице-Президент Дик Чейни Рамсфелдни АҚШ тарихидаги энг яҳши мудофаа вазири деб таърифлагани шундан дарак берди.

Айрим сиёсатчилар эса Ироқдаги бир бир нечта америка аскарининг ножўя ҳаракати учун нега энди Вашингтонда ўтирган Мудофаа Вазири жавоб бериши керак, деган фикрни айтишмоқда. Хусусан, Вашингтондаги "Heritage", яъни "Мерос" жамғармаси ҳарбий таҳлилчиси Жэк Спенсер Пентагон раҳбарини айблаш ноўрин эканини айтади.

"Мудофаа вазири Рамсфелд бу масалада катта ишлар қилган. Хусусан у январ ойи ўрталарида бу воқеалардан хабар топгач, тергов бошлаш ҳақида кўрсатма берган", - дейди Спенсер.

Бошқа кузатувчилар эса, Ироқда махбуслар қийноққа солинаётгани ҳақида Пентагон раҳбариятининг бир неча ой олдин хабари бўлгани, аммо Рамсфелд муаммони бартараф этиш борасида зарурий чорани кўрмаганини таъкидламоқдалар.

Айни пайтда Абу Грайб қамоқхонасида ироқлик махбусларни хўрлаганликда айбланаётган 24 яшар америкалик аскар Жереми Свитс устидан маҳкама 19 май куни Ироқда бошланиши маълум бўлди. Бироқ, Свитснинг отаси "Ассосиэйтед Пресс" мухбирига унинг ўғли фақат тепадан берилган буйруқни бажаргани, қолаверса у оддий механик бўлгани боис қамоқхона нозири вазифаларини билмаслигини маълум қилган. Свитс билан айбланаётган яна бир АҚШ ҳарбийси Сабрина Харман ҳам қамоқхонада америка аскарлари ўз рахбарлари кўрсатмалари асосида иш тутганларини айтган.
XS
SM
MD
LG