Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:00

Содиқ Сафоев Украинада нима қилади?


Тўлқин 10 май куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Содиқ Сафоевнинг Украинага расмий ташрифи бошланди. Ўзбекистон ташқи сиёсат маҳкамасидан олинган маълумотга кўра, у ташриф давомида Украина Президенти Л.Кучма, Бош вазир В.Янукович ва бошқа расмий доира вакиллари билан музокаралар олиб боради.

Украинанинг Тошкентдаги элчихонаси вакиласи Татьяна Бабкованинг билдиришича, С.Сафоевнинг ушбу ташрифи Украина ташқи ишлар вазири Гришенокнинг ўтган йил ноябрда Ўзбекистонга қилган сафарига жавоб тарзида амалга оширилмоқда. Киевдаги учрашувлар чоғида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларининг бугунги аҳволи, халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ва МДҲ доирасидаги муносабатлар юзасидан фикрлашиб олинади.

Сиёсатшунос Малик Абдураззоқовнинг таъкидлашича, Ўзбекистон билан Украинанинг иқтисодий алоқалари ҳар икки томон учун ҳам жуда муҳимдир. Бу борадаги ҳамкорлик собиқ Иттифоқ даврида ҳам, мустақиллик йилларида ҳам анча сезиларли бўлган.

Баъзи кузатувчиларнинг фикрича, Украинанинг қурол-яроғ ишлаб чиқариш соҳасидаги салоҳияти ҳам икки мамлакат ўртасидаги алоқаларда муҳим ўрин тутиши мумкин. М.Абдураззоқовнинг таъкидлашича, собиқ иттифоқ даврида шаклланган Украина ҳарбий саноати ҳали ҳам илғор соҳа ҳисобланади. Украинанинг ҳозир ҳам қурол сотишга бўлган интилиши кучлилиги эътиборга олинса (Украина Туркманистонга катта миқдорда қурол-яроғ сотиш ҳақида келишувга эга), албатта, бу соҳа ҳам музокаралар доирасидан четда қолмаслиги мумкин.

М.Абдураззоқовнинг сўзларига қараганда, Украина раҳбарияти собиқ СССРда коммунустик тузумнинг элиталаридан ҳисобланган. МДҲ тузилгандан сўнг ҳам ушбу мамлакат Россияга муқобил бўлган сиёсий қутб тузишда олдинга сафда борган. Мустақил бўлгандан кейин Украина ҳам МДҲнинг бошқа давлатлари сингари оғир йўлни танлаган. Бу йўл яхши натижаларга олиб келмаган. Ҳозирги Украинанинг сиёсий тузуми анча бўш, коррупциялашган. Мамлакатнинг иқтисодий аҳволи ҳам яхши эмас. Халқаро майдондаги нуфузи ҳам тушиб кетган.
XS
SM
MD
LG