Линклар

Деҳқоннинг иш қуроли - қошиқ


Турғунбек Андижонда жорий йилда чигитнинг катта қисми плёнка остида экилди. Айни пайтда ғўза униб чиқиб, унга ишлов бериш бошланган. Маҳаллий телевидение деҳқонлар далада шоду хуррам меҳнат қилаётгани, бир текис униб чиққан ғўза ниҳоллари кўзни қувонтириши ҳақида жар солмоқда.

Маҳаллий телевидениеда бу йил деҳқончиликда жорий этилган янги тажрибалар ҳам мақталмоқда. Ана шундай тажрибалардан бири бу йил илк бора синаб кўрилган чигитни полиэтилен қобиқда экишдир.

Бундан ўн йилча аввал чигитни плёнка остига экиш катта янгилик сифатида кўкларга кўтариб мақталганди ва ҳозир ҳам бу ўта самарали усул ўлароқ эътироф этиб келинмоқда. Лекин ҳунузгача деҳқоннинг бу усулга бўлган эътирозларига ҳеч ким қулоқ тутаётгани йўқ. Деҳқонларнинг айтишича, баҳорда плёнкага қуёш нури тушиб, ягоналаш ва ишлов бериш вақтида кўзга таъсир қилади. Қишга келиб плёнкани даладан териб олиш ҳам бир қўшимча иш. Бундан ташқари, чигит плёнка остига экила бошлагандан буён қошиқ ҳам деҳқоннинг иш қуролига айланган. Ширкат аъзолари плёнкани қошиқ билан очиб, ғўза остига маҳаллий ўғит ташлаб чиқади.

Деҳқон аёлнинг сўзларига қараганда, эрталабдан кечгача қуёш нуридан ялтириб турган плёнкага қарайверганидан кишининг кўзи тинади, боши айланади.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Саидохун Сўфиев чигитни плёнка остига экишнинг афзаллик томонлари ҳам борлиги таъкидлади. Унинг кузатишларича, плёнка остида экилган чигитга одатдагидан бир марта кам сув берилади. Шунингдек, ғўза тагида ёввойи ўт ўсмайди. Шу билан бирга, бундай усулда экилган ғўза беш-ўн кун эрта пишади.

Лекин, С.Сўфиевнинг айтишича, бундай усулда экишнинг фойдасидан кўра зарари кўпроқ.

С.Сўфиевнинг таъкидлашича, чигитни плёнка остига экишдан кимлардир катта фойда кўрмоқда. Шу сабабли раҳбарларга плёнканинг зарарлари тўғрисида гапириш ҳеч ҳам самара бермай келяпти.

Расмий маълумотларга кўра, 2003 йилда Андижон вилоятида далаларга чигит юз фоиз плёнка остига экилган.

Ўша йили пахта тайёрлаш режаси бажарилмагани учун 2002 йилга қараганда 60 миллион доллар кам фойда кўрилганди. Бу ҳақда вилоят ҳокими Қобилжон Обидов маълум қилганди. Кўрилган зарар ҳақида ҳоким куюнчалик билан гапирган бўлса-да, ўн йилдан буён тупроқ остида қолиб кетаётган плёнканинг ерга зарари ҳақида ҳеч нарса демади. Аксинча, бу йил деҳқончиликка чигитни полиэтилен қобиқда экиш тажрибаси кириб келганида яна одатдаги ура-ура бошланди. Бунинг самараси қандай бўлиши эса ҳозирча номаълум. Балки бу усул ҳам кимларнингдир чўнтагини ўйлаб жорий этилгандир?
XS
SM
MD
LG