Линклар

logo-print

Одамлар солиқдан эмас, амалдорлардан безган


Зикрилло Ишонч Ўзбекистонда солиқдан қочиш ҳолатлари жуда оммалашгани кўп таъкидланмоқда. Мамлакат матбуотида ҳам солиқдан қочувчилар ҳақида тўхтовсиз мақолалар, репортажлар бериб борилаётгани бу муаммо жуда чуқур илдиз отганидан дарак беради.

Хўш, кишиларни солиқ тўлашдан қочишга нима мажбур этмоқда?

Кўзи ожиз тадбиркор Абдулманнон Холжўраевнинг билдиришича, Ўзбекистонда солиқ ставкалари жуда баландлигидан одамлар топаётган даромадларини яширишга уринмоқда. Шунингдек, ишбилармонлик фаолиятга маъмурий аралашувлар ҳам кишиларни солиқ тўлашдан бездиряпти.

Тадбиркорнинг таъкидлашича, аслида аҳоли солиқ тўлашдан қочаётгани йўқ. Одамлар ҳукуматдан, қонунсизликдан қочмоқда. Амалдорларнинг, назорат органларининг юлғичлиги сабаб ишбилармонлар даромадларини яшириб, солиққа тўланиши лозим бўлган маблағни ўшаларга бераётир. Демак, тадбиркорлар солиқ тўлаяпти. Фақат улар солиқни давлатга эмас, солиқчига тўлаяпти. Солиқчи эса бундан тушган ноқонуний даромадининг солиққа тортилишидан манфаатдор эмас.

Солиқчилар эса аҳолининг солиқ тўлашдан қочишига сабаб бўлувчи яна бир қанча омилларни келтириб ўтди. Уларнинг фикрича, Ўзбекистонда солиқ ставкалари йилдан-йилга пасайтирилмоқда. Масалан, фойдадан олинадиган солиқ миқдори 24 фоиздан 20 фоизга туширилди. Даромад солиғи эса 40 фоиздан 32 фоизга камайтирилди. Солиқдан қочувчиларнинг кўпчилиги ноқонуний даромадга муккасидан кетганлар ва мавжуд қоидаларни четлаб ўтиб мамлакатга товар олиб кирганлардир.

Ишбилармонларнинг таъкидлашича, мамлакатда ягона солиқ ставкаси жорий этилиши юзага келган вазиятдан чиқишнинг тўғри йўлидир.

Унда нега ҳукумат ягона солиқ ставкасини жорий этишни кечиктирмоқда?

А.Холжўраевнинг фикрича, бундай бўлаётганининг сабаби фақат бир шахсга боғлиқ бўлиб турибди. Кимлардир бундан шахсий бойлик тўплаш мақсадида фойдаланмоқда. Солиқ тизимининг мукаммал эмаслигини мазкур тизимда ишловчиларнинг ўзлари ҳам яхши билади. Шунга қарамай, ҳукумат бу тизимда ўзгариш ясашни хоҳламаётир.
XS
SM
MD
LG