Линклар

logo-print

Мухолифат йиғилиши ёки тухум жанги


Шайбон 9 май куни Тошкентдаги “Малика” меҳмонхонасида мамлакатда фаолият олиб бораётган мухолифат партиялари ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларининг қўшма йиғилиши бўлди.

“Озод деҳқонлар” партияси томонидан ташкил этилган йиғилишда “Эрк”, “Бирлик халқ ҳаракати”, Аграрлар партиялари, бир қанча инсон ҳуқуқлари ташкилотлари вакиллари қатнашди. Йиғилиш аввалида сўзга чиққан Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Крейг Мюррей Ўзбекистон қашшоқ давлатлар қаторида бўлишига ҳеч қандай асос йўқлигини таъкидлади.

“Фақат лаёқатсиз ҳукумат мамлакатни қашшоқликка элтиши мумкин. Қолаверса, мамлакатнинг озод бўлишига монеълик қилувчи ҳеч қандай сабаб йўқ”, деди элчи.

К.Мюррей демократик усулда фаолият юритиш истагида бўлган ҳар қандай сиёсий партия ва ташкилотга, хусусан, ҳукумат томонидан рўйхатга олинган партияларга ҳам ёрдам қўлини чўзишга ваъда қилди.

“Эрк” демократик партияси марказий кенгаши котиби Отаназар Орипов ва “Озод деҳқонлар” партияси бош котиби Нигора Ҳидоятова йиғилиш иштирокчиларини жорий йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтадиган парламент сайловида ҳамкорликда иштирок этишга чақирди. Бу даъватга “Бирлик халқ ҳаракати” бош котиби Васила Иноятова ҳам қўшилди. Унинг таъкидлашича, амалдаги ҳукумат мухолифатни рўйхатга олишга рухсат бермайдиганга ўхшайди. Ҳокимият вакиллари март ойида бўлиб ўтган террорчилик ҳаракатларидан демократик кучларни бўғишда фойдаланмоқда. Шу боис, диктатура қаршисида мухолифат бирлашиши зарур.

Йиғилишда сўзга чиққан Аграрлар партияси раиси, Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро жамияти Тошкент бўлими раиси Марат Зоҳидов сиёсий мухолифатни бирлаштириш ғояси “Озод деҳқонлар” партияси томонидан илгари сурилгани ҳақидаги даъволарда асос йўқлигини таъкидлади. Унинг чиқиши тадбирнинг бошқа иштирокчиларига ҳам ўз эътирозларини айтиш истагини уйғотди, шекилли, айримлар К.Мюррейни ҳам мамлакат ички ишларига аралашишда айблай бошлади. Бора-бора йиғилиш тизгини қўлдан чиқди. Тартибсизлик бошланди. “Бирлик” ва “Эрк” партияси вакилларининг тартибсизликни тўхтатишга бўлган ҳаракатлари бесамар кетди.

Ўзларини “Эрк” партиясининг янги кенгаши дея номлаётган Самад Мурод бошчилигидаги гуруҳ вакиллари Иномжон Турсунов ва Илёр исмли йигит юзага келган вазиятдан “Эрк” партияси марказий кенгаши котиби О.Орипов ва мазкур партия вакиласи Дилором Исҳоқова ҳамда “Бирлик” вакили Исмоил Дадажоновга қарата тухум отишда фойдаланди. Уларга қаршилик қилгани учун “Озод аёллар” ташкилоти раисаси Гавҳар Орипова И.Турсунов томонидан калтакланди.

О.Орипов Самад Мурод бошчилигидаги гуруҳ вакилларининг бу хатти-ҳаракатлари йиғилишни бузиш мақсадида махсус тайёрланганини таъкидлади. “Бирлик” бош котиби В.Иноятова эса бу ҳолатни “Эрк” партияси ичидаги ўзаро адоват билан изоҳлади.

Тартибсизлик бошланиб кетгани учун тадбир тўхтатилди. Шунга қарамай, “Бирлик” вакили И.Дадажоновнинг билдиришича, йиғилиш 2 июнь куни қайта ўтказилади. Бу йиғилишга тартибсизлик сабабчилари киритилмайди.
XS
SM
MD
LG