Линклар

Россия Ўзбекистонда ҳарбий база қурадими?

  • Сарвар Усмон

Россия Федерацияси Мудофаа вазири Сергей Иванов 11 май куни Ўзбекистонга сафар қилди. Мудофаа вазирининг Ўзбекистонга расмий сафари 12 май куни якунига етади.

Мустақилликка чиққанидан буён ўзини Россиядан тортиб келган Ўзбекистон раҳбарияти нима учун бугунга келиб у билан ҳарбий-сиёсий ҳамкорлик қила бошлади?

***

"Россия Мудофаа вазири Тошкентда Ўзбекистон Мудофаа вазири Қодир Ғуломов билан учрашади, сўзлашувлар чоғида ҳарбий ва ҳарбий-техникавий соҳаларда икки томонлама ҳамкорлик истиқболларига боғлиқ бир қатор масалалар муҳокама қилинади, томонлар ҳарбий-сиёсий характердаги, жумладан минтақа хавфсизлигига боғлиқ қатор муаммолар юзасидан фикр алмашадилар", - дейилади агентлик хабарида.

Хўш, нима сабабдан бугунга келиб Тошкент, ИТАР-ТАСС хабарида айтилганидек, Москва билан "ҳарбий ва ҳарбий-техникавий соҳаларда икки томонлама ҳамкорлик истиқболларига боғлиқ бир қатор масалалар"ни муҳокама қилмоқда?

Бу саволга жавоб берар экан, Марказий Осиё мамлакатлари бўйича мутахассис, москвалик журналист Аркадий Дубнов март ойининг охири ва апрелнинг бошида Тошкентда юз берган портлашларни эслаб, шундай дейди:
"Президент Каримов, сўнгги воқеалар туфайли ўз режимининг у қадар мустаҳкам эмаслигини сезиб қолгач, ўз хавфсизлигини таъминлаб келган кучлар балансини ўзгартиришга ҳаракат қилаётганлигини намойиш қилишга қарор қилди. Бу балансда АҚШ посангиси босиброқ турган эди. Ана шундай вазиятда у Россия билан ҳарбий-сиёсий муносабатлар орқали кучлар балансини мувозанатга келтиришга қарор қилди".

Яна бир суҳбатдошимиз, россиялик мустақил эксперт Павел Фенгелгауэр Дубновнинг фикрини деярли такрорлайди:Ўзбекистондаги вазият анча мураккаб. Биласизки, яқинда Тошкентда қандайдир тушунарсиз тўқнашувлар, портлашлар юз берди. Муаммо пайдо бўлганидан кейин Ислом Каримов Москвага келди ва Путинга мурожаат қилди. Путин уни яхши қабул қилди. Чунки, Москва Марказий Осиёда, айниқса, Ўзбекистонда барқарорлик бўлмаслигини ўз хавфсизлиги учун таҳдид, деб билади".

Павел Фенгелгауэрнинг фикрича, "Москва Ўзбекистондаги режимни сақлаб қолишдан манфаатдордир. Ва шунинг учун ҳам мана энди Мудофаа вазири режимни қўллаб-қувватлаш учун сафар қилди".

Хўш, Тошкент Москва билан "ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорлик истиқболларини" муҳокама қилар экан, бундай муҳокамалар ривожи бора-бора Ўзбекистонда Россиянинг ҳарбий базаларини жойлаштириш масаласига етиб бормайдими?

Бу саволга жавоб берар экан, Аркадий Дубнов:
"Иш ҳарбий базаларни жойлаштиришгача бориб етади, деган ишончим йўқ. Каримов Россиянинг ҳарбий базаларини жойлаштиришга тайёр эмас ва узоқ пайт у бу ишни қила олмайди",- дейди

Нима учун?

"Президент Каримов Ўзбекистонда АҚШ ҳарбий базаларини жойлаштиришга рухсат берган ва бу ички хавфсизликни таъминлаш билан эмас, балки минтақада, шу жумладан, Афғонистон йўналишида хавфсизликни таъминлаш билан изоҳланган эди. Россиянинг ҳарбий базаларини жойлаштиришга рухсат бериш учун эса, Каримов, мамлакатнинг геосиёсий ҳарбий концепциясини тубдан ўзгартириши лозим. Бу эса, Каримовнинг ўз мағлубиятини тан олиши деганидир. Шунинг учун ҳам у бу ишни тутмайди",-

деб жавоб берди Аркадий Дубнов.

Павел Фелгенгауэр эса, тилга олинган масала юзасидан фикр билдирар экан: "Россиянинг реал ҳарбий объектлари бошқа минтақаларда бўлгани каби Ўзбекистонда сақланиб қолган. Қолаверса, Ўзбекистон билан ҳарбий соҳадаги ҳамкорлик, ҳеч қачон узилган эмас",-деди.

"Россия-Ўзбекистон ҳарбий муносабатлари", деган жумла айтилиши биланоқ, унинг ортидан тилга "АҚШ-Ўзбекистон муносабатлари" ибораси келади. Хўш, Ўзбекистон ўзининг стратегик шеригини ўзгартиришга қарор қилдими? Павел Фелгенгауэрга кўра, Ўзбекистонда АҚШ ҳарбий базаларининг бўлиши Россия-Ўзбекистон ҳарбий муносабатларига монелик қилмайди. "Минтақадаги барқарорлик энг муҳим мақсаддир. Ва мана шу мақсад йўлида кўпчилик аввалги йилларда тасаввур ҳам қилиб бўлмаган даражада ҳамкорлик қилишга тайёр",-деди москвалик таҳлилчи Павел Фелгенгауэр.
XS
SM
MD
LG