Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:47

Сергей Иванов Тошкентга келди


Тўлқин 11 май куни Россия Федерацияси мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Сергей Иванов илк бор расмий ташриф билан Тошкентга келди. Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизматидан олинган маълумотга кўра, у икки томонлама ҳарбий-техникавий ҳамкорлик масалаларини юзасидан музокаралар олиб боради.

Матбуот хизмати ходимаси Наргиза Бердиеванинг сўзларига қараганда, С.Ивановнинг ташрифи икки кун давом этади. Бу ташриф Ўзбекистон мудофаа вазирининг таклифига биноан амалга оширилмоқда.

Кузатувчиларнинг таъкидлашича, С.Ивановнинг ушбу ташрифи апрель ойида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Москвага қилган сафарнинг мантиқий давоми бўлиб, икки давлат ўртасида сўнгги вақтларда анча сусайиб қолган ҳарбий-техникавий ҳамкорликни жонлантиришга қаратилган.

Уларнинг фикрича, Ўзбекистон Қуролли кучларида мавжуд ҳарбий техника воситаларининг аксарияти собиқ иттифоқдан мерос қолган бўлиб, Россияда ишлаб чиқарилган. Шунга қарамай, мустақилликдан кейин, айниқса, 21-асрнинг дастлабки йилларида ҳарбий-техникавий ҳамкорлик кўнгилдагидек бўлмаган.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг таъкидлашича, март-апрель ойларидаги портлашлардан сўнг Ўзбекистон Россия ҳарбий техникасига яна эҳтиёж сеза бошлаган.

Сиёсатшунос Ф.Толипов И.Каримовнинг Россияга ташрифи давомида ҳарбий-техникавий соҳадаги алоқалар мавзуси ҳам кўтарилгани шубҳасизлиги, С.Ивановнинг Тошкентга келиши мазкур сафарнинг ижобий натижаси экани хусусида фикр билдирди.

Кзатувчиларнинг эътирофича, Ўзбекистон ҳарбий соҳада бошқа давлатлар, хусусан, АҚШ билан ҳам ҳамкорлик қилади. Гарчи АҚШнинг Ўзбекистонда ҳарбий базаси бўлса-да, Россия билан бу соҳадаги муносабатлар расмий Тошкент учун муҳимдир. Чунки Россияда ишлаб чиқарилган ҳарбий техника воситалари нисбатан арзон, қолаверса, Ўзбекистон Қуролли кучлари, асосан, шу давлат ҳарбий техникаси билан таъминланган.

К.Раббимовнинг фикрича, Марказий Осиёни ўз таъсир доирасида сақлашни Россия ўзининг устивор вазифаларидан бири деб билади. Гарчи Россия Ўзбекистонда ҳарбий база очишга уринаётгани тўғрисида маълумотлар бўлмаса-да, буни ҳеч қачон инкор қилиш ҳам керак эмас.

Ф.Толиповнинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг Россия билан алоқаларни кучайтираётгани расмий Тошкентнинг АҚШдан совиб бораётганини англатмайди. АҚШ билан муносабатлар ҳали самара бермаганига эса бошқа сабаблар мавжуд. Хусусан, демократия ва инсон ҳуқуқлари бузилиши масалаларида Ўзбекистонга бўлаётган танқидлар АҚШ сиёсий доираларида, айниқса, Конгрессда сустлашгани йўқ. Бу танқидий муносабат расмий Тошкентнинг Вашингтондан кутилган ёрдамни ололмаётганига сабаб бўляпти. Россия эса собиқ иттифоқ давлатлари билан муносабатга киришган пайтда бунга ўхшаган талабларни ҳеч қачон илгари сурмаган.
XS
SM
MD
LG