Линклар

logo-print

Ҳокимлик тавсия этган номзод бўлим раислигига сайланди


Куни-кеча Урганч шаҳрида Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмасининг Хоразм вилояти бўлимини ташкил этиш бўйича таъсис йиғилиши ўтказилди. Хабарларга қараганда, бу йиғилишда баъзи журналистлар билдирган эътирозлар инобатга олинмаган.

“Хоразм ёшлари” газетаси муҳаррири Эрпўлат Бахтнинг таъкидлашича, йиғилиш шошма-шошарлик билан ўтказилган бўлиб, ярим соат давом этган.

“Би-Би-Си” радиоси мухбири Қудрат Бобожонов эса таъсис йиғилишига хорижий ОАВда ишлайдиган журналистлар умуман таклиф этилмаганини билдирди.

“Бундай анжуманларга нодавлат оммавий ахборот воситалари вакиллари ва мустақил журналистларни таклиф этмаслик, уларни чеклаш Ўзбекистонда урф бўляпти. Бу янги цензура институти шаклланганидан дарак беради. Мазкур институт нафақат мақолаларни, балки тузум учун номақбул бўлган журналистларни ҳам чеклаб қўяди”, деди у.

Маълумотларга кўра, ижодий уюшма раиси Шерзод Ғуломов иштирок этган ушбу таъсис йиғилишида вилоят бўлими ташкил этилиб, бўлим раиси ва бошқарув ҳайъати сайланган. Вилоят телерадиокомпанияси раиси Нураҳмад Ҳожибой ўғли маҳаллий ҳокимлик тавсиясига кўра вилоят бўлими раиси этиб сайланган.

Э.Бахтнинг айтишича, кўпчилик Н.Ҳожибой ўғлининг номзодига эътироз билдирган. Чунки бу номзоднинг мутахассислиги журналист эмас. Мажлисда ҳам унинг номзоди ҳокимликдан тавсия этилгани айтилгани кўпчиликка ёқмаган. Улар нодавлат, нотижорат ташкилот бўлмиш ижодий уюшмага ҳам ҳокимлик номзоди тиқиштирилганидан норози бўлган.

“Хоразм ҳақиқати” газетаси мухбири Феруза Тангрибердиеванинг сўзларига қараганда, норозиликларга нисбатан ҳеч қандай муносабат билдирилмаган.

Вилоят матбуот ва ахборот бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, 2 та вилоят, 12 та туман, 12 та тармоқ, 2 та мустақил газета, 2 та журнал ва Хоразмда ягона бўлган телерадиокомпанияда юзлаб журналистлар фаолият кўрсатади.

Маҳаллий журналистлардан бирининг таъкидлашича, бугунги кунда қалам аҳлини қийнаётган кўплаб муаммолар мавжуд. Хусусан, ойлиги камлиги, шу боис, кўрсатилган мавзуларни ёзишга мажбур бўлаётгани сабабли халқ ўртасида журналистларнинг нуфузи тушиб кетган. Гарчи қонун бўйича цензура бекор қилинган бўлса-да, бу ишни бажариш муҳаррирлар зиммасига юкланган. Натижада цензура янада кучайган.
XS
SM
MD
LG