Линклар

logo-print

Қозоғистондаги тўрт сиёсий партия фаолияти тўхтатилди

  • Барно Анвар

Қозоғистонда фаолияти тўхтатилган тўрт сиёсий партия — “Қозоқ Эли” миллий бирлик партияси, “Азамат” демократик партияси, Қозоғистон Халқ Конгресси ҳамда Қозоғистон Республика Халқ Партиялари 2003 йилдан буён расман рўйҳатдан ўтказилмаган эди.

Боиси 2002 йилда сиёсий партиялар тўғрисида қабул қилинган қонунга мувофиқ, аьзолари сони 50 мингтадан ортмаган ва Қозоғистонинг турли вилоятларида ўз филиалига эга бўлмаган сиёсий партиялар рўйҳатдан ўтказилмайди. Номи тилга олинган тўрт партия айни талабларга жавоб бермагани боис, расмий рўйҳатдан ўтказилмади.
Шундай бўлса-да, сиёсий партия сифатида мавжуд эди.
Эндиликда, Алмати шаҳридаги районлараро иқтисодий суд бу партияларнинг таьсис ҳужжатларини ва тамғаларини бекор қилди. Қозоғистон Адлия вазирлигининг рўйҳатга олиш қўмитаси эса ушбу партиялар фаолиятини тўхтатишга доир жараённи якунлади ва шунинг билан, уларнинг фаолиятига нуқта қўйилди.
Бу ҳақда партия вакилларининг ўзлари қандай фикрда ва сиёсий партияларга Қозоғистон ҳукумати томонидан қўйилаётган талаблар қанчалик асосли, деган саволлар туғилади.
“Қозоқ Эли” партияси раиси, Қозоғистон Парламент депутати Ерослабл Қосимов “Озодлик” радиосининг Қозоқ хизмати мухбири саволларига жавоб берар экан, бу тўрт сиёсий партия ҳукуматга қарши мухолифатда бўлгани учун Адлия Вазирлиги куч билан уларни ёпиб қўйди, деган мулоҳаза билдирди.
“Бизнинг партиямиз ёпилишига аьзолар сони 50 мингдан ва ҳар бир вилоятда бўлимларимиз йўқлиги сабаб қилиб кўрсатилмоқда. Лекин, “Қозоқ Эли” партияси раиси сифатида очиқ айтишим керак, янги қонун қабул қилинаётган вақтда мен қаттиқ қаршилик кўрсатганман. Чунки, сиёсий партияга қўйилаётган бундай талаблар ҳеч бир халқаро қонунларга ҳам тўғри келмайди.”
Фаолияти тўхтатилган “Азамат” демократик партияси раҳбари ва ҳозирда “Қозоғистон Демократик Танлови” партияси сиёсий кенгаши аьзоси Пётр Своик партияси ёпилишидан унчалик ташвишда эмаслигини айтади.
“Чунки, “Азамат” демократик партиясининг ишини давом эттираётган партия бор. Бу — “Қозоғистон Демократик Танлови” халқ партияси”, — дейди Своик.
“Ватан” партиясининг Парламентдаги фракцияси вакили Серик Абдураҳимов Қозоғистонда сиёсий партияларнинг расмий рўйҳатдан ўтказилишида сиёсий партиялар аьзолари сони борасидаги талабни нотўғри, деб ҳисоблайди.

“50 мингдан ортиқ аьзоси бўлган партия сиёсий партия бўлади, дейиш бу нотўғри. Қайси сиёсий партия мамлакатга керак, қайсиниси керак эмас, буни халқ сайлови ҳал қилиши лозим. Яьни, шу вақтгача расман мавжуд бўлган сиёсий партиялар тақдири бу тариқа ҳал этилмаслиги лозим.”
Маьлумотларга кўра, ҳозирда Қозоғистонда 10 та сиёсий партия бор. Уларда мавжуд жами аьзолар сони эса 1 миллион 400 мингдан ортиқ одамни ташкил этади. Қозоғистонлик баьзи сиёсатчилар сиёсий партияларда аьзоларнинг сони бу қадар кўплигига ишонмаслигини айтишмоқда. Жумладан, “Қозоқ Эли” миллий бирлик партияси раҳбари Ерослабл Қосимов шундай дейди:
“ Бир миллион 400 минг аьзо дегани, қиёсан айтганда, бутун Қозоғистон аҳолисининг 10 фоизи қайсидир сиёсий партияга аьзо, дегани. Шундай бўлиши мумкинми? Менимча, мумкин эмас. Шунинг учун мен очиқ айтаманки, мамлакатдаги кўп партияли тизим бу — ёлғон тизим.”
Шу ўринда яна бир маьлумотни эслатиб ўтиш мумкин, яқинда Қозоғистондаги “Қозоғистон Демократик Танлови” мухолиф сиёсий партияси узоқ уринишлардан сўнг расмий рўйҳатдан ўтказилган эди. Ва бу ҳол нафақат Қозоғистон, балки минтақа мамлакатларида ҳам демократик жараёнларни ҳаракатга келтирувчи ҳодиса сифатида баҳоланган эди.
XS
SM
MD
LG