Линклар

Ўзбекистон Россия қуролларига қизиқиш билдирмоқда


Тўлқин 11 май куни расмий ташриф билан Тошкентга келган Россия Федерацияси мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Сергей Иванов ҳамда Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири Қодир Ғуломов 12 май куни матбуот анжумани ўтказди.

С.Ивановнинг маълум қилишича, у Ўзбекистонга илк марта расмий ташриф билан келган бўлиб, бу сафар икки давлат раҳбарларининг ўзаро келишуви асосида амалга оширилган. 12 май куни мудофаа вазири Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан учрашган.

“Биз Тошкентдаги музокаралар чоғида ўзаро хавфсизликни мустаҳкамлаш мақсадида ҳарбий ва ҳарбий-техникавий жабҳадаги, шунингдек, минтақавий ташкилотлар, аввало, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик муносабатларини ривожлантиришнинг аниқ йўллари ҳақида фикр алмашдик. Дастлабки режага кўра, биз келгуси йилда Россия билан Ўзбекистоннинг ҳамкорликдаги ҳарбий машқларини ўтказишга тайёргарлик масаласини муҳокама этдик. Мен ўзбекистонлик ҳамкасбларимни 2004 йилнинг август ойида бўлиб ўтадиган “Чегара-2004” ҳарбий машқларида кузатувчи сифатида иштирок этишга таклиф этдим. Аксилтеррор йўналишдаги бу ҳарбий машқларда Россия Федерацияси, Қозоғистон ва Қирғизстон Қуролли кучлари қатнашади”, деди С.Иванов.

Сиёсатшуносларнинг фикрича, бу Ўзбекистон билан Россиянинг ҳарбий соҳадаги ҳамкорлигида туб бурилишидир. Чунки Ўзбекистон 1997 йилда МДҲнинг кўпчилик мамлакатлари ўртасида мавжуд бўлган коллектив хавфсизлик тўғрисидаги шартномадан чиққан, шундан сўнг бу келишув доирасидаги тадбирларда иштирок этмаганди. Ўзбекистон мазкур келишув доирасидаги тадбирларда қатнашмаганди.

Жамиятшунос Комрон Алиевнинг таъкидлашича, 1997 йилда толибларнинг Ўзбекистонга ҳужум қилишга тайёрланаётгани ҳақида гап-сўзлар тарқалган. Бу гап-сўзлар маълум мақсадларни кўзлаб тарқатилган бўлиши ҳам мумкин. Шунга қарамай, Ўзбекистон коллектив хавфсизлик тўғрисидаги шартнома доирасида ўзига ҳарбий ёрдам берилишини сўраган. Бироқ бу ёрдам кўрсатилмаган. Шундан сўнг Ўзбекистон бу шартномадан чиққанди.

Кузатувчиларнинг сўзларига қараганда, Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги бу яқинлашиш маълум омиллар фонида юз бермоқда. Хусусан, Ўзбекистон ҳукумати Ғарб ва бошқа давлатлар билан ҳарбий ҳамкорликдан анча тўйинган. Шу билан бирга, Россия ўзининг ички муаммоларини анча тартибга солиб, ташқи сиёсатда яна ўз нуфузини тиклаб боряпти. Ўзбекистон билан муносабатларнинг яхшиланиши эса Россиянинг Марказий Осиёдаги ўз таъсир доирасини тиклаш режасига мос келади.

С.Ивановнинг билдиришича, Ўзбекистон Россия билан ҳарбий-техникавий ҳамкорлик қилишга, Россияда ишлаб чиқарилган қурол-аслаҳалар етказиб берилишига катта қизиқиш билан қарамоқда.
XS
SM
MD
LG