Линклар

Айбдор милиция ходими бўлса, ҳақиқатни тушингда кўр


Маҳаллий кузатувчиларнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан содир этилган қонунбузарликлар аксарият ҳолларда бости-бости қилинади. Бу жиноятларни бошқа кишилар бўйнига юклаш эса одатий ҳолга айланган.

Хоразм вилояти Урганч туманининг Жалолиддин Мангуберди номидаги ширкат хўжалигида яшовчи 31 ёшли Эргаш Ортиқов милиция ходимлари айби билан содир бўлган жиноят учун жазога тортилган. Э.Ортиқовнинг айтишича, у эндиликда судланган шахс тамғасини олиш билан бирга 2 миллион 270 минг 556 сўм моддий зарарни тўлаши керак.

Э.Ортиқовнинг билдиришича, ўтган йилнинг 14 ноябрь куни кечқурун соат ўнлар чамасида у “Газ-53” русумли машинасида турмуш ўртоғи Умида Ражабова билан Урганч-Гурлан йўлидан кетаётганида “Дамас” русумли машина орқадан келиб урилган. Шу вақт катта тезликда келаётган милиция машинаси автоҳалокат содир бўлган жойдан катта тезликда ўтиб кетган. “Дамас”да бўлган Мансур Оллоберганов, Ғофир Абдуллаев, Умрбек Отаев вафот этган. Дилшод Қозоқов оғир тан жароҳати олган.

Ҳозир ҳам аҳволи анча оғир бўлган Д.Қозоқов бўлиб ўтган воқеани хотирлар экан, ўзларини милиция ходимлари қувганини таъкидлади.

“Аэропорт йўлидан келаётганимизда милиция ходимлари бизга тўхта демади. Ўтиб кетганимиздан сўнг ортимиздан қувди. Улар машинамизнинг олдига ўтиб тўхтади. Ҳайдовчимиз тезда рулни буриб юборди. Натижада “Газ-53”га урилдик”, деди у.

Урганч тумани судининг жорий йил 11 мартдаги ҳукми билан Э.Ортиқовга йўл ҳаракати қоидаларини бузиб, автоҳалокат содир этганлик учун жазо тайинланди. Э.Ортиқов терговда ҳам, судда ҳам ўзининг айбсизлигини исботлашга ҳаракат қилганини таъкидлади. Лекин бу ҳаракатлари бесамар кетган.

Маҳаллий кузатувчиларнинг эътирофича, сўнгги вақтларда вилоятдаги йўл-патруль хизмати ходимлари (ЙПХ) ноқонуний хатти-ҳаракатлари кўплаб учраётир. Бироқ улар аксарият ҳолларда жазодан қочиб қутуляпти.

Кузатувчи Озод Масобуровнинг сўзларига қараганда, ЙПХ ходимлари йўлда туриб ҳаракатни назорат қилиш ўрнига четда яшириниб олади. Қоида бузувчилардан эса дарҳол пора талаб қилади.

Ўзининг устидан ноқонуний ҳукм чиқарилган ҳисоблаб Э.Ортиқов бу иш аппеляция тартибида кўриб чиқилишини талаб қилиб, ариза ёзди. Хоразм вилояти жиноят ишлари суди аппеляция судлов ҳайъати ажримига кўра, Урганч туман судининг ҳукми бекор қилиниб, бу иш қўшимча терговга жўнатилди. Ушбу ажримда автоҳалокат милиция ходимларининг қувлаши туфайли содир бўлганини ҳужжатлар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари ҳам тасдиқлаши айтилган. Э.Ортиқов ҳақиқат қарор топишидан умидворлиги таъкидламоқда.
XS
SM
MD
LG