Линклар

logo-print

Амалдор журналистдан нега қочади?


Шайбон Сўнгги пайтларда Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситалари ҳамда журналистлар фаолиятига оид эълон қилинаётган мониторинг ҳисоботларида амалдорларнинг номаълум сабабларга кўра керакли маълумотни беришдан бош тортиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани қайд этилмоқда.

Айрим ҳолатларда маҳаллий амалдорлар маълум вазият бўйича суриштирув ишлари олиб бораётган мустақил журналистлар фаолиятидан бироз ташвишга тушаётгани, шу боис, турли йўллар билан журналистнинг фаолиятига тўсқинлик қилишга уринишлари ҳам баён қилинаётир.

“Интерньюс” халқаро ташкилоти март ойи якуни бўйича эълон қилган мониторинг ҳисоботида ҳам амалдорларнинг шундай хатти-ҳаракатлари асосий ўрин эгаллаган. Маҳаллий журналистлар бу ҳолатни амалдорнинг журналист, айниқса, мустақил журналист билан мулоқотга киришидан чўчиши билан изоҳлайди.

Мустақил кузатувчи Алимардон Аннаевнинг таъкидлашича, журналист келганидан хавотирга тушишга асосий сабаб амалдорларнинг ўз айблари ошкор бўлиб қолишидан қўрқишидир.

“Чегарасиз репортёрлар” халқаро ташкилотининг Тошкентдаги эксперти Эльмира Ҳасанованинг фикрича, мустақил журналистлар ҳақиқатни ёзишга интилади. Табиийки, амалдорлар бундайлар билан мулоқотдан қочади. Маҳаллий журналистлар масаласида эса бу каби хавотир мавжуд эмас. Чунки амалдорлар маҳаллий журналистлар фақат ва фақат рухсат этилган мавзуларни ёритишини билади.

Сўз эркинлигини ҳимоя қилиш қўмитаси раисаси Инера Сафаргалиева ҳам мустақил журналист ташрифидан амалдор хавотирга тушиши табиий ҳол эканини таъкидлади.

“Мен улар хавотирга тушмаса, ҳайрон қолган бўлардим. Боиси, ўзбек амалдори кимнингдир уни сўроққа тутиши, нималарнидир аниқлашга уриниши, журналист суриштируви орқали ўзининг мавқеига путур етишини истамайди. Бу эса амалдорларда ўз халқига ҳисобот бериш маданияти шаклланмаганидан дарак беради. Зеро, назаримда журналистнинг асосий вазифаси ҳам амалдорни ўз халқига ҳисобот беришига ундаш. Тўғри, ҳамма амалдор ҳам шундай деб бўлмайди. Улар орасида мулоқотдан қочмайдиганлари ҳам бор. Лекин бундайлар жуда кам”, деди И.Сафаргалиева.

А.Аннаевнинг айтишича, аксар амалдорлар журналистни писанд қилмаслик, унинг профессионал ҳуқуқларини менсимасликни моҳирона оқлашга ҳам уринади. Яъни улар ўзини Президентнинг, ҳукуматнинг сиёсатини амалга оширишга хизмат қилаётганини таъкидлайди. Амалдорларнинг бу каби хатти-ҳаракатларидан ҳукумат аъзолари ҳам хабардор. Шу боис, мамлакат Президенти ўз чиқишларида маҳаллий амалдорларни журналистлар билан мулоқотдан қочмасликка чақиради. Шунга қарамай, журналистларга нисбатан тазйиқ кузатилаётган бир пайтда мавжуд муаммони ечишга интилиш кўзга ташланмайди.

Э.Ҳасанованинг сўзларига қараганда, керакли маълумотни тавсия этишдан кўра, ўша номақбул журналистларнинг овозини ўчиришга уриниш, уларнинг фаолиятини чеклаш Ўзбекистонда бу масалада мавжуд кайфиятнинг мумтоз кўринишидир. Яъни мамлакат раҳбари қандай даъватлар қилмасин, буни бажариш оқибатида ўзининг салмоқлаб йиғиб келаётган обрўсига путур етказишдан кўра, журналистнинг овозини ўчириш амалдор учун қулайроқ. Шунинг учун бу борада ўзгаришлар сезилмайди.

И.Сафаргалиева журналист ҳамда амалдор ўртасида ўрнатилган муносабатнинг ёмонлигича қолаётгани сабабни бошқачароқ изоҳлади.

“Аслида амалдорлар босар-тусарини билмай қолган. Агар уларни бу қилмиши учун ҳеч ким нуқимаса, назорат қилмаса, амалдор ўзига бино қўя бошлайди. Албатта, бу одат йиллар давомида шаклланган, уни бирданига йўқ қилиб бўлмайди. Ўйлайманки, бу иллатлар секин-секин бартараф қилинади”, деди у.
XS
SM
MD
LG