Линклар

logo-print

Интернет маҳаллий ОАВдан ўзиб кетади


Дилнаво Маълумотларга кўра, 2004 йилнинг январь-март ойлари давомида Ўзбекистон маълумотлар узатиш миллий тармоғига 97 та янги узел уланган. Уларнинг 20 таси Тошкентда, 11 таси вилоятлар марказларида (Термиз шаҳридан ташқари), 66 таси эса туман марказларида ўрнатилган.

Ҳозир мамлакатда Интернет кафелари сони кўпайиб бормоқда. “Озодлик” мухбири уларнинг бирига кириб, фойдаланувчилар билан суҳбатлашди. Суҳбатдошларнинг кўпчилиги янги узеллардан хабари йўқлигини таъкидлади.

Интернет кафе мижозларининг билдиришича, янгиликларга чанқоқ ёшлар учун Интернет саҳифаларини очиш тобора қийинлашиб бораётир. Айрим саҳифалар қайсидир йўллар билан ёпиб қўйилмоқда.

Мустақил кузатувчи Алимардон Аннаевнинг эътирофича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда Интернетдан фойдаланувчилар сони бироз кўпайган. Уларнинг асосий қисмини зиёлилар, журналистлар ва талабалар ташкил этади.

А.Аннаевнинг сўзларига қараганда, Интернетдаги айрим саҳифалар ёпиб қўйилаётгани Ўзбекистон ҳукуматининг ҳақиқатларнинг юзага чиқмаслигидан манфаатдорлиги билан изоҳланади. Чунки Интернет орқали мамлакатдаги ҳақиқий ҳаёт, реал воқеликлар ҳақидаги материаллар тарқатилади.

А.Аннаев журналистларнинг умумий сонига нисбатан олиб қараганда, Интернетдан фойдаланувчилари камлигини таъкидлади. Унинг фикрича, бунга сабаб ўзбек журналистикасининг қолоқлиги, мамлакатда демократик ўзгаришлар амалга оширилмагани, демократик институтлар фаолияти бутунлай изга тушмаганидир.

А.Аннаев яқин вақтлар ичида Интернет Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари билан жиддий рақобатлашиб, улардан ўзиб кетишини тахмин қилди.
XS
SM
MD
LG