Линклар

Тендердан кейинги ўйинлар


Фирдавс 2004 йилнинг шу даврига қадар Қашқадарё вилоятининг Косон туманидаги барча ширкат хўжаликлари тендер асосида фермер хўжаликларига айлантирилди.

Жорий йилнинг 16-17 февраль кунлари тумандаги Беруний номидаги ширкат хўжалигида ҳам тендер ўтказилиб, бир юз элликка яқин фермер хўжалиги ташкил этилди. Туман ҳокимлигининг тендер ўтказиш комиссияси қарорига асосан Тиловберди Эгамбердиев ва унинг ўғилларига ҳам 76 гектар ер ажратилди. Орадан кўп ўтмай, ҳокимлик ўз қарорига ўзи қарши чиқди.

Т.Эгамбердиевнинг айтишича, у 140 гектарлик майдоннинг 76 гектарида фермер хўжалиги тузишга ариза берган. Гулхомор Муродова эса қолган 64 гектарга яқин ерга эгаликка даъво қилган. Бу икки томон аризаларининг бир-бирига боғлиқлик томони йўқ. Шунга қарамай, ҳоким тендер комиссиясининг 76 гектар ерни Т.Эгамбердиевга ажратиш тўғрисидаги қароридан бироз ўтгач, унга тегишли ернинг 26,5 гектарини Г.Муродовага бериб юборган.

Т.Эгамбердиевнинг сўзларига қараганда, ўзига тегишли ернинг бир қисми нима сабабдан бошқа фермерга олиб берилганига ҳеч ким жўяли жавоб бера олмайди.

Мазкур хўжаликда худди шу каби бошқа ҳолатлар ҳам кузатилган.

Ака-ука Тошмурод Камолов ва Ҳайдар Равшанов ҳам ер тақсимлаш вақтида ўзлари аввалдан ишлаб келган беш гектарлик боғга эгалик қилишга ариза берган. Бу боғга бошқа талабгор бўлмагани учун тендер комиссияси ерни ака-укаларга топширилган. Т.Камолов ва Ҳ.Равшанов боғ учун давлатга 1 миллион 250 миллион сўм тўлаган. Бироз вақт ўтгандан сўнг ернинг тўрт гектарига бошқа киши эга чиққан.

Т.Камолов ва Ҳ.Равшановнинг таъкидлашича, улар боғни ўзлари кўкартирган. 11 қаторга экилган ниҳоллар давлат томонидан берилган, олти қаторини шахсий ҳисобларидан олиб эккан.

Хабарларга қараганда, ҳақсизликка учраган бу фермерлар туман ҳокимлиги ва тендер комиссиясини жавобгарликка тортишни сўраб, Косон тумани фуқаролик судига ариза берган. 4 ва 8 май кунлари мазкур ишлар юзасидан суд жараёнлари бошланди.

Туман ҳокимининг суддаги вакили Бердимурод Очилов ушбу воқеалар юзасидан “Озодлик” мухбири билан суҳбатлашишга рози бўлмади. Лекин у фермерларга ер ажратишда туман ҳокимининг катта ҳуқуқлари борлигини, фермерлар келтирган даъволар эса асоссизлигини эслатишни унутмади.
XS
SM
MD
LG