Линклар

logo-print

“Қўшнилар” – уч давлатнинг газетаси


Шайбон Яқинда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон журналистларининг ҳамкорликдаги “Қўшнилар” номли газетаси чоп этила бошлади. Маълумотларга кўра, уч қўшни давлат аҳолиси учун ягона номдаги газета чоп этиш ва тарқатиш ғояси Тожикистондаги “Вароруд” ахборот агентлиги томонидан илгари сурилган. Бу ғоя “Евроосиё” жамғармасининг Тошкентдаги минтақавий ваколатхонаси томонидан маъқулланган ва молиялаштирилган. Жамғарма вакили Рустам Ҳусановнинг таъкидлашича, газета ўз саҳифаларида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон фуқароларига зарурий маълумотларни етказиб беришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

“Газета, биринчи навбатда, божхона қоидалари, сув ресурсларининг қай даражада ишлатилаётгани, экология ва бошқа муҳим мавзуларни ёритиб бориши лозим. Зеро, биз бу мавзуларни Фарғона водийсининг чегара ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳоли учун ўта муҳим, деб ҳисоблаймиз”, - деди Р.Ҳусанов.

Унинг билдиришича, газета саҳифаларидан ўрин олган мақолалар уч давлатнинг баъзи газеталари билан келишилган ҳолда тайёрланмоқда. Бу ишга Ўзбекистон томонидан “Иқбол” газетаси масъул этиб белгиланган. Уч давлатнинг масъул газеталари таҳририятлари “Қўшнилар” номи остида ягона газетани шакллантириб, ўқувчилар ҳукмига ҳавола этади. Жамғарма газетани тарқатиш жараёнига аралашмайди. Бу вазифа бирлашган жамоа зиммасига юклатилган. “Евроосиё” эса газета учун белгиланган мавзуларнинг қай даражада ёритилаётганини назорат қилиб боради, холос.

Р.Ҳусановнинг айтишича, айни пайтда “Қўшнилар” масъул таҳририятларнинг газеталарига илова тарзида чоп этилмоқда. Кейинчалик у алоҳида газетага айланади.

Хўш, газетанинг Ўзбекистонда тарқатилиши қандай кечяпти?

Газетанинг Тожикистондаги вакили Равшан Қосимовнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда “Қўшнилар” газетаси ҳеч қандай монеъликсиз тарқатилмоқда. Чунки у Андижонда чиқадиган “Иқбол” газетасининг иловаси сифатида нашр этилади.

Р.Қосимовнинг маълум қилишича, Жаҳон матбуот эркинлиги куни муносабати билан “Соседи” номи остида рус тилида алоҳида газета чоп этилиб, у 17 минг нусхада босилган. Аммо бу газетанинг ҳомийси “Цензура индекси” халқаро ташкилоти бўлиб, унда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонда матбуот ва сўз эркинлиги қай даражада экани таҳлил этилган. Бу газета ўзбекистонлик ўқувчилар қўлига ҳам ҳеч бир тўсиқсиз етиб борган.

“Евроосиё” жамғармаси ҳомийлигида чоп этилаётган “Қўшнилар” газетаси уч давлатда уч тилда босилади. Яъни бу газета Ўзбекистонда “Қўшнилар”, Қирғизистонда “Қўшнулар”, Тожикистонда эса “Соседи” номига эга.

Р.Қосимовнинг айтишича, газета уч қўшни давлатдаги инсон ҳуқуқлари ҳамда сўз ва матбуот эркинлиги борасидаги вазият юзасидан мақолалар бериб бориш режалаштирилган эди. Аммо Ўзбекистон томони бу борада маълум қийинчиликларга учраши маълум бўлгач, мазкур мавзуларни вақтинча кўтармай туришга келишилган.
XS
SM
MD
LG