Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:49

Хўжа Аҳрор Валийга бағишланган илмий анжуман


Дилнаво Бу йил Ўзбекистонда ҳукумат қарорига биноан нақшбандия тариқатининг йирик намоёндаси Хўжа Аҳрор Валий таваллудининг 600 йиллиги кенг нишонланади.

Куни-кеча Ўзбекистон Фанлар академиясида Хўжа Аҳрор Валийнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган илмий анжуман ўтказилди. Тадбирда ўзбекистонлик олимлар билан бир қаторда хорижлик меҳмонлар ҳам қатнашди.

Анжуманда 2002 йилда Нидерланиядаги Шарқ ёзма манбаларини чоп этишга ихтисослашган нашриётда инглиз тилида чоп этилган Хўжа Убайдуллоҳ Аҳрор ва унинг муридлари мактублари тўғрисида ҳам сўз борди.

Ушбу нашр тарих фанлари доктори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Асомиддин Ўринбоев ва америкалик профессор Жуван Гросс томонидан тайёрланган бўлиб, мактублардан Хўжа Аҳрор яшаган давр ҳақида қимматли маълумотларни олиш мумкин.

Тошкентдаги Шарқшунослик институти катта илмий ходими Ғулом Каримовнинг таъкидлашича, бу мактублар дастхат ҳолида, яъни Хўжа Аҳрор қандай ёзган бўлса, шундайлигича бизгача етиб келган. Уларни Алишер Навоий йиғиб, альбом шаклида тартиб берган. Бу мактубларнинг кўп қисми Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий каби алломаларга жўнатилган. Мактубларда ўша давр ҳаёти кенг қамраб олинган. Уларда тасаввуф, давлатчилик, савдо-сотиққа оид фикр-мулоҳазалар баён қилинган.

Фахриддин Али Сафийнинг Хўжа Аҳрор ҳаётига оид машҳур асари - “Обиҳаёт томчилари” 2003 йилда Тошкентда чоп этилди.

Ғ.Каримовнинг билдиришича, Хўжа Аҳрор Валийнинг “Волидия” асарини туркий тилга биринчи бўлиб Заҳириддин Муҳаммад Бобур таржима қилган. Бу асар форсчада насрда ёзилган бўлиб, Бобур уни назмга солиб туркийга ўгирган.

Маълум бўлишича, Хўжа Аҳрор зикри Алишер Навоийнинг “Насойим
ул-муҳаббат” асарида ҳам келтирилган. Бундан ташқари, ул зотнинг ҳаёти ва фаолиятига Абдураззоқ Самарқандий, Мирзо Муҳаммад Ҳайдар каби йирик муаррихлар ҳам эътибор қаратган.

Хўжа Аҳрорга валийлик мақоми берилганига сабаб ҳазратнинг авлиёлар сирасидан экани билан боғлиқ.

Анжуманда Ашурбек Мўминов, Омонулло Бўриев, Шаръий Жузёний каби олимлар билан бир қаторда ёш тадқиқотчиларнинг маърузаларига ҳам ўрин берилди. Ёш тадқиқотчи Мухлиса Қодирова маърузаси Хўжа Аҳрорнинг қабр тоши эпиграфикасига боғлиқ.

Ғ.Каримовнинг таъкидлашича, ҳазратнинг қабр тошига битилган оятларнинг абжад ҳисобидаги йиғиндисидан Хўжа Аҳрорнинг туғилган ва вафот этган саналари ҳосил бўлади.

Анжуманда АҚШнинг Чикаго университети профессори Берг Тугрил Абдураҳмон Жомий ва Хўжа Аҳрор Валий муносабатларига доир нисбатан кам ўрганилган манбалар хусусида маъруза қилди. У ҳазратнинг асарлари ва у ҳақдаги бошқа манбаларни илмий жамоатчиликка ва кенг китобхонлар оммасига етказиш масаласи ҳали кўриб чиқилмаганини эътироф этди.
XS
SM
MD
LG