Линклар

Карим Баҳриев “Сўз эркинлиги ҳақида сўз” юритади


Феруза Москвадаги “Р.Элинин” нашриётида ўзбекистонлик таниқли журналист Карим Баҳриевнинг “Сўз эркинлиги ҳақида сўз” китоби нашр этилди. Инглиз, рус ва ўзбек тилларида чоп этилган ушбу китобдан журналистнинг сўз эркинлиги ҳимоясига бағишлаган тадбирлардаги маърузалари, Ўзбекистондаги ОАВ муаммолари ва камчиликлари, ҳақиқий демократик тушунчалар ҳақидаги фикр-мулоҳазалари жой олган.

Китоб Будапештдаги Сорос жамғармаси ҳамда Буюк Британиянинг Уруш ва тинчликни ёритиш институти молиявий ва техник кўмагида нашр этилди.

“Озодлик” мухбири “Сўз эркинлиги ҳақида сўз” китоби ҳақида ўзбекистонлик айрим зиёлиларнинг фикрларини ўрганди.

Зиёли Шавкат Салимовнинг фикрича, К.Баҳриев бу китобда Ўзбекистондаги ҳукумат амалдорлари ва уларга қарам шахсларнинг демократияни қай маънода талқин қилаётгани, бу талқиннинг қанчалик нотўғри эканини исботлаб берган.

Мустақил кузатувчи Алимардон Аннаевнинг таъкидлашича, К.Баҳриевнинг бу китобга киритилмаган яна кўп мақола ва маърузалари бор. Бу мақолалар Ўзбекистонда очиқ-ойдин нашр этилганда эди, ҳукумат амалдорлари улардан ўзларига тегишли хулосаларни чиқариб олган бўларди.

Ш.Салимовнинг билдиришича, К.Баҳриев Ўзбекистон ОАВ тўғрисидаги қонунчилигининг яхши жиҳатларига суяниб ҳам анча иш қилиш мумкинлигини эътироф этган, лекин бу қонунларга амал қилинмаслигини таъкидлаган.

А.Аннаев ўзбек журналистининг китоби ўз ватанидан ташқарида чоп этилгани ачинарли ҳоллиги, бу китобга, энг аввало, Ўзбекисон аҳолиси, ўсиб келаётган ёш авлод, қолаверса, ёш журналистларнинг эҳтиёжи катталигини маълум қилди.

“Афсуски, китобни саноқли одамлар олиб ўқиш имкониятига эга. Агар бу китоб эркин сотувга чиқарилса, аҳолида уни бемалол харид қилиб, ўқиш имконияти бўлганда эди, биздаги камчиликлар, қусурлар, журналистикамизда таъмагирликнинг борлиги, ўзаро ҳамфикрлиликнинг йўқлиги очиқ-ойдин намоён бўларди”, - деди А.Аннаев.

Суҳбатдошлар “Сўз эркинлиги ҳақидаги сўз”нинг Ўзбекистондан ташқарида чоп этилиши мамлакат ҳукуматининг ҳар қандай демократик жараёнга мойил эмаслигини англатишини таъкидлади
XS
SM
MD
LG