Линклар

Болаларни оналарнинг ўзлари меҳнатга жалб қилмоқда


Турғунбек “Озодлик” мухбири Асака туманидаги “Ғалаба” ширкат хўжалигидаги 20 гектарча келадиган пахта майдонида меҳнат қилаётган икки юзга яқин кишининг аксарияти болалар эканига гувоҳ бўлди.

11 ёшли Алишернинг таъкидлашича, у ғўзани ягоналашда иштирок этаётир. Бу ерда ўзидан кичик ва катта болалар ҳам ишламоқда.

Мазкур хўжаликда звено бошлиғи бўлиб ишлаётган Арабжон Умаровнинг билдиришича, болалар мактабдан бўш вақтларида ота-оналарига кўмак беради.

Далада ишлаётган болалар бир эгатни ягоналаш вақтида ўртача саккиз мингта ортиқча кўчатни юлиб ташлайди. Бундан ташқари, улар қўлидаги қошиқ билан ғўза кўкармаган ерларни ковлаб, чигит ҳам экиб кетади. Ягона қилинган ғўза ниҳолларини йиғиштириб, дала четига олиб ташлаш ҳам болалар зиммасида.

Далада ишлаётган аёллардан бирининг айтишича, у февраль ойининг сўнгги кунларидан бошлаб далага чиққан. Ер текислаган, ариқ тозалаган. Ҳар ойлик иши учун маош сифатида беш килограммдан пахта ёғи берилган. Пулга чақилса, бу 5-5,5 минг сўм бўлади. Улар ишга болаларини ҳам олиб чиқади. Демакки, бу пул боланинг ҳам иш ҳақидир.

Хўжаликдаги бригада бошлиқларидан бирининг таъкидлашича, ширкат болаларни ишга жалб қилгани йўқ. Шунинг учун уларга иш ҳақи ҳам тўламайди. Болаларни ота-оналарнинг ўзлари ишга олиб чиқади.
XS
SM
MD
LG