Линклар

Ироқдаги АҚШ фуқароси қатл этилганининг Араб матбуотида ёритилиши

  • Ҳасанжон

Ироқда АҚШ фуқароси қатл этилгани Америка жамоатчилигини қаттиқ ғазаблантирди. Ироқ ўзида ва араб мамлакатларида бу ходисага муносабат турлича. Экстремист гуруҳ айрим АҚШ ҳарбийлари Бағдоддаги Абу Ғраиб қамоқхонасида ироқлик маҳбусларни хўрлаганига жавобан Америка фуқаросини қатл этилганини билдирган. Минтақадаги оммавий ахборот воситаларичи, улар бу ходисани қандай ёритмоқда? Ҳамкасбимиз Ҳасанжон шу саволга жавоб топишга ҳаракат қилди.

26 ёшли америкалик тадбиркор Николас Бергнинг Зарқавий бошчилигидаги экстремист гуруҳ аъзолари томонидан қатл этилгани араб мамлакатлари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиляпти.

Лондонда араб тилида чиқадиган икки газета, жумладан “Ал-Хайат” газетаси ҳам америкалик ўлдирилгани ҳақидаги хабарни ўзининг биринчи саҳифасида эълон қилди. “Ал Ҳайат” газетасининг сиёсий шархловчиси Заки Шехаб Озодлик радиосига бу воқеа ғарбдаги сингари Яқин Шарқ оммавий ахборот воситаларининг биринчи саҳифасидан ўрин олганини айтади:

“Бу ходиса ғарб давлатларидаги каби араб ва ислом дунёсида ҳам муҳим воқеа сифатида ёритилмоқда. Шунингдек, араб матбуотида Ироқдан ташқари яна Яқин Шарқ, хусусан, Фаластиннинг Ғазо секторида Исроил самолётлари фаластинлик қочқинлар лагерларини бомбардимон қилаётгани воқеалари ҳам кенг ёритилмоқда”, - дейди Шехаб.

Айни пайтда, экстремистлар намойиш қилган видеолавҳа барча телеканалларда тўлалигича кўрсатилмади. Заки Шехаб бунинг сабабани шундай изоҳлайди:

“Араб дунёсидаги барча оммавий ахборот воситалари, улар хоҳ гезета бўлсин, хоҳ телевизион канал, имкон қадар асл видеолавҳани кўрсатмасликка ҳаракат қилди. Ўйлайманки, Интернет орқали намойиш этилган видеолавҳани кўришга ҳамма ҳам журъат эта олмайди. Чунки бундай манзара инсоннинг психологик ҳолатига салбий таъсир этиши мумкин. Одамлар қатл жараёни ёритилган мақолани ҳам ўқий олмайди”, - дейди “Ал-Хайат” газетаси вакили.

Қоҳирадаги Америка Университети журналистика факултети раҳбари Хусайн Амин журналистлар билан суҳбатда Ироқда америкалик фуқаро қатл этилгани каби хабарга диққатни қаратиш кўп ҳам тўғри эмаслигини, чунки, Абу Ғраиб қамоқхонасида ироқлик маҳбусларнинг айрим АҚШ ҳарбийлари томонидан хўрлангани тасвирловчи фотосуратлар Яқин Шарқ минтақасида Америкага қарши хиссиётларини кучайтирганини айтади.

Мисрдаги “Мусулмон Биродарлиги” номли гуруҳ вакили Ассам ал-Эриан мухбирларга берган интервюсида Америка фуқароси ўлдирилганини қоралади: “Қотиллар ақлдан озган кишилар. Уларнинг бу қилмиши мусулмонлар ва ислом динига путур етказади. Бундан фақат Буш фойда кўради”, - деди Эссам ал-Эриан.

Мисрда чиқадиган “Ал-Аҳрам” газетаси бу ходиса ҳақида ўзининг биринчи саҳифасида маълумот берган.
Америкалик тадбиркор ва унинг ортида турган экстремистлар суратлари Ливандаги газеталар, жумладан “Ас-Сафир” газетасининг биринчи саҳифасида эълон қилинди.

Араб дунёсидаги нуфузли ҳисобланган “Ал-Жазира” ва “Ал-Арабия” телеканаллари фақатгина америкалик Берг ўтиргани ва унинг ортида қатл ижрочилари тик туриб ҳукм ўқиётганларини тасвирловчи лавҳани кўрсатди. “Ҳар гал қўлимизга шундай лавҳа етиб келганида уни эфирга бериш ёки бермаслик ҳақида ўйлаймиз. Бундай лавҳани эфирга узатиш учун ҳеч қандай асос йўқ. Одам қатл этилишинини халққа намойиш қилиш инсонийликка тўғри келмайди”, - дейди “Ал-Жазира” вакили Жиҳод Балаут.

Кувайтдаги “Ал-Сиёсса” газетаси танадан ажратилган бошни тасвирловчи икки суратни босган Яқин Шарқдаги ягона газета бўлди.
Америкалик фуқаро қатл этилгани ҳақидаги маълумот Экстремист гуруҳларга қарашли Интернет саҳифаларида хуш хабар сифатида эълон қилинди. Яқин Шарқдаги дипломатлар ва журналистлар минтақа зиёлилари америкалик тадбиркор Николас Берг ўлдирилганини қоралаётганларини таъкидламоқдалар.
XS
SM
MD
LG