Линклар

Ироқлик маҳбусларнинг АҚШ кучлари томонидан таҳқирлангани атрофидаги жанжал


Азизулло Арол Ироқлик маҳбусларнинг АҚШ аскарлари томонидан таҳқирлангани билан боғлиқ ҳодисалар яна бир бор масалага эътиборни тортмоқда. Маҳбусларни сўроқ қилиш¸ ëлланма хизматчилар ва тажрибага эга бўлмаган ҳарбийларга топширилган.

АҚШ Президентининг айтишича¸ Ироқлик маҳбуслар саноқли масъулиятсиз аскарлар томонидан таҳқирланган. Бироқ¸ айрим таҳлилчиларга кўра¸ аскарлар томонидан бундай ҳатти-ҳаракатлар амалга оширилишига АҚШнинг юқорироқ даражадаги ҳарбийлари сабабчи бўлган.

Ироқлик маҳбусларнинг таҳқирлангани атрофидаги жанжалга АҚШдаги икки мудофаа ширкати – "С Эй С Ай Интернешнал" ва "Титан" хизматчилари алоқадор эканлиги айтилмоқда. Бироқ АҚШ армияси ҳозирга қадар бу иш юзасидан фақатгина етти аскарни ҳарбий трибуналга топширди.

Бу мавзуни ëритиб келаëтган "Ню Йоркер" журнали мухбири Сеймур Ҳершнинг айтишича¸ хусусий ширкатлар АҚШ Мудофаа вазирлиги билан тузилган шартномалар асосида АҚШнинг Ироқдаги кучларини таржимон ва терговчилар билан таъминлаган ва улар ҳарбий разведка тизимига ўтказилган

"Масала олти-етти ëшнинг қилганларида эмас¸ Биз маъсул генераллар ва юқорида ўтирганлар олиб борган сиëсатга эътибор беришимиз керак" - деди журналист Ҳерш жумладан.

Ўтган ҳафтада АҚШ Мудофаа вазири Доналд Рамсфелд Конгресс олдида ҳисобот берганида¸ ëлланмалар ҳарбий разведка бошқаруви остида ишлаганларини маълум қилган эди. 13 май куни кутилмаганда Рамсфелд Ироққа борди. АҚШ Мудофаа вазири журналистларга¸ андиша қилгани учун эмас¸ балки ироқликларга ëрдам кўрсатиш мақсадида Бағдодга борганини баëн қилди.

АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий кучлари матбуот вакили Марк Киммиттнинг айтишича¸ Абу Ғариб қамоқхонасида маҳбусларни сўроқ қилганлар¸ жумладан шартнома асосида ишловчилар ҳам Мудофаа вазирлиги томонидан текширилади.

"Менинг билишимча¸ текширув ишлари кенг кўламли ва синчковлик билан олиб борилади. Биз имкон қадар атрофлича иш тутишга ҳаракат қиламиз. Кимдир бу масалага аралашган ëхуд алоқадор бўлса тергов қилинади", - деб баëн этди Киммитт.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти вакили Жейм Рот Озодлик радиосига берган суҳбатида¸ ëлланма хизматчилар ҳарбий бўлмаганлари боис¸ уларни ҳарбий суд орқали жиноий жавобгарликка тортиш имконсиз эканини айтади.

Унга кўра¸ Абу Ғариб ва бошқа ерларда шартнома асосида ишловчилардан терговчилар сифатида фойдаланиш кутилмаган ҳодисадир.

Расмий Вашингтон ироқлик маҳбуслар қўйи даражадаги саноқли аскарлар томонидан таҳқирлангани ва бу бутун ҳарбий кучлар ҳаракатларига хос эмаслигини таъкидламоқда.

Бироқ¸ таҳлилчиларнинг фикрича¸ бундай ҳатти-ҳаракатлар юқори лавозимдаги ҳарбийлар кўрсатмаси асосида амалга оширилган.

АҚШ Мудофаа вазирлиги ва Давлат Департаментининг собиқ разведка таҳлилчиси Энтони Кордесман Озодлик радиосига берган суҳбатида¸ ироқлик маҳбусларни таҳқирлаш учун иқлим яратилган бўлиши мумкинлигини айтади. Унга кўра¸ агарда Бағдоддаги Абу Ғарйиб қамоқхонаси масъулари қўл остидагиларига тўғри кўрсатма берганида эди¸ бу иш амалга ошмаган бўлар эди.
XS
SM
MD
LG