Линклар

logo-print

Хитойда қийноқларни тўхтатиш бўйича кампания бошланди


Азизулло Арол Куни-кеча Хитойда маҳбусларни қийноқларга соладиган ва уларга ëмон муносабатда бўладиган амалдорларни жавобгарликка тортиш бўйича кампания бошланди. Кўринишидан Хитойнинг бундай кампания бошлашига АҚШ ҳарбийлари ироқлик маҳбусларни таҳқирлагани атрофида кўтарилган жанжал сабаб бўлган.

Хитой ҳукумати тасарруфидаги "Хитой ëшлари" кундалик газетасининг билдиришича¸ мамлакат Бош прокуратураси инсон ҳуқуқларига тажовуз қилган ҳар қандай шахсни жавобгарликка тортади ва жазолайди.

Бош прокурур ўринбосари Ванг Женчуанга кўра¸ ҳозирда бошланган ушбу махсус кампания камида бир йил давом этади.

Унинг айтишича¸ ўтказилажак кампаниядан мақсад қонунсиз равишда қамоққа олиш¸ қйиноққа солиш¸ маҳбусларга ëмон муносабатда бўлиш ҳамда уларнинг ҳаëти ва мол-мулкига жиддий зарар етказишнинг олдини олишдир. Женчуаннинг таъкидлашича¸ бундай жиноятлар қаерда содир этилмасин¸ албатта текширилиб чиқилади.

Халқаро Амнистия ташкилотининг Хитой бўйича мутахассиси Бан Каррдэснинг айтишича¸ қийноқларга солинганлар телефон орқали ҳукумат вакилларига мурожаат қилишлари мумкин. Бироқ¸ ҳукуматнинг қйиноқларга қарши қандай чора кўриши қаронғу.

"Менинг билишимча¸ Хитой ҳукумати "ишонч телефонлари"ни ташкил этган. Масалан¸ қийноқларга солинган шахслар ëки уларнинг оила аъзолари қунғироқ қилиб¸ қийноқлар ҳақида хабар беришлари мумкин. Аммо Хитой ҳукумати бундай мурожаатларга қандай муносабат билдириши аниқ эмас. Ҳали Хитойда маҳбусларни қийноқларга солган расмийлар бирон марта ҳам жавобгарликка тортилмаган" - дейди мутахассис Каррдэс.

Халқаро Амнистия ташкилоти томонидан олиб борилган тадқиқотлардан маълум бўлишича¸ Хитойда қийноқларга солиш кенг тарқалган ва қийноққа солишнинг турли усуллари қўлланилади.

Халқаро Амнистия вакилининг айтишича¸ Хитой ҳукуматининг қийноқларга қарши кампания бошлаши Ироқда АҚШ аскарлари маҳбусларни таҳқирлагани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

"Хитой ҳукумати инсон ҳуқуқлари вазиятини АҚШ билан таққослашга ҳаракат қилмоқда. Айниқса Ироқда таҳқирланган маҳбуслар масаласида" - дейди Бан Каррдэс.
XS
SM
MD
LG