Линклар

logo-print

Ҳиндистонда бўлиб ўтган умумий сайловларда Конгресс партияси ғалабага эришди

  • Ҳасанжон

Илгарги программамизда маълум қилганимиздек, Ҳиндистонда уч ҳафта давом этган умумий сайловларда Соня Ганди бошчилигидаги Конгресс партияси ғалабага эришди. Сайлов натижалари расман эълон қилинмасдан Бош вазир Атал Бихари Важпайи истеъфога чиқди ва ҳукумат аъзолари мухолифат ўрнини эгаллашларини билдирдилар. Ҳозирда Конгресс партияси янги ҳукуматни сўлчи партиялар билан бирга ташкил этишни режаламоқда.

Ҳиндистонда бўлиб ўтган сайловларда Соня Ганди етакчилигидаги Конгресс мухолифат партияси сайловчиларнинг энг кўп овозини қозониб, Парламентдаги 217 ўринни эгаллади. Бош вазир Атал Бехари Важпайи етакчилигидаги миллатчи БиЖейПи партияси аъзолари 185 ўринни ва бошқа партиялар вакиллари Парламентдаги 137та ўрнини эгалладилар. Деҳлида бўлиб ўтган матбуот конференциясида Соня Ганди ўз партияси янги ҳукумат тузишга киришишини эълон қилди:

“Келаси бир неча кун давомида янги ҳукумат тузиш устида иш олиб борилади. Мамлакатимиз қисқа муддатда кучли, барқарор ва дунёвий ҳукуматга эга бўлиши учун Конгресс партияси ташаббусни ўз қўлига олди”, - деди Соня Ганди.

Агар 57 ёшли Соня Ганди кутилаётганидек Бош вазир лавозимини эгалласа, у Ҳиндистон тарихида хорижда туғилган биринчи Бош вазир бўлади.

Миллатчи БиЖейПи партияси етакчилигидаги коалиция сайлов кампанияси давомида Конгресс партиясига қарши ҳаракатларини Соня Гандининг хорижда туғилганига қаратди. Хатто сиёсатчилардан бири уни “италиялик урғочи ит”, деб ҳақорат қилди. Ҳиндистонликлар орасида мамлакатни Соня Ганди бошқаришига қаршилар ҳам оз эмас. Деҳлилик Винай Бхарадаж Ройтер мухбирига шундай муносабат билдирди:

“Мен Соня яхши Бош вазир бўлади, деб ўйламайман. Бироқ нима ҳам қила олардим? Биз хоҳлаймизми йўқми, у бари-бир Бош вазир бўлади”,

Соня Ганди ҳақиқатан ҳам чет элда туғилган. У Италиянинг Турин шаҳридан 50 километр нарида жойлашган Орбассано шаҳарчасида рим католиклари бўлган Майнолар оиласида дунёга келган. 60-йилларда Кэмбриж Университетининг инглиз тили факултетида ўқиётган пайтида Ражив Ганди билан танишган. 1968 йилда улар турмуш қуришган. Гандилар оиласига қўшилганидан кейин Сонянинг ҳаёти бутунлай ўзгарган.

1947 йилда Ҳиндистон мустақилликка эришганидан бери, мамлакат сиёсий саҳнасида асосий рол ўйнаб келган Конгресс партияси нуфузи асосан, партияни бошқарган Гандилар сулоласи билан боғлиқ. Мустақил Ҳиндистоннинг биринчи Бош вазири Жавоҳарлал Неру 1964 йилгача партияни бошқарди. Орадан икки йил ўтиб, унинг қизи Индира Ганди партия раҳбарлигини ўз қўлига олди ва 1984 йилгача Бош вазир лавозимида ишлади.

Индира Гандидан кейин Конгресс партияси раҳбарлиги ва Ҳиндистон Бош вазири лавозимини унинг ўғли Ражив Ганди эгаллади. 1991 йилда Ражив суиқасд қурбони бўлганидан кейин, Соня Ганди ўзи ва икки фарзандини сиёсатдан четда тутди. Бироқ, 90 йиллар ўртасида Конгресс партияси ўз тарихида сайловлардаги энг катта мағлубиятга учраганидан кейин партия фаоллари Сонядан Конгрессга бошчилик қилишини сўрашди.

Соня Гандининг ўғли Раул ҳам пайшанба куни Гандилар доим сайланадиган Уттар Прадеш вилоятидан Парламент аъзоси бўлди. Бироқ, ҳинд миллатчилари Раулни кўп йиллар Америка ва Британияда яшагани ва севган қизи колумбиялик бўлгани учун қаттиқ танқид қилмоқдалар. Раулнинг синглиси Приянка ҳам ҳиндистонликлар орасида анчайин машхур.

Кузатувчиларга кўра, Ҳиндистоннинг янги тузилажак ҳукумати мураккаб муаммоларни ҳал қилиши керак бўлади. Кашмир можароси, камбағалликни камайтириш, ёш болалар орасида очарчиликка барҳам бериш ва бошқа муаммолар шулар жумласига киради.

Кузатувчиларга кўра, сўнгги беш йил ичида Ҳиндистон мустақилликка эришганидан бери қишлоқ ва шаҳар аҳолиси турмуш даражасидаги тафовут мисли кўрилмаган даражага етган. Шаҳарларда иқтисодий ўсиш кузатилаётган бир пайтда, қарзга ботган деҳқонлар орасида ўз жонига суиқасд қилиш ҳоллари кўпаймоқда.

Кузатувчилар агар Соня Ганди сўлчилар билан коалиция тузса Важпайи етакчилигидаги ҳукумат иқтисодий соҳада бошлаган ислоҳотлар ва ҳусусийлаштириш жараёни тўхтаб қолиши мумкинлиги ҳақида ташвиш билдирмоқдалар. Ҳиндистон ҳукумати таркиби аниқ бўлганидан кейин Бош вазир мамлакатни бошқариш бўйича ҳукумат дастурини эълон қилиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG