Линклар

logo-print

Туэлнинг мардикор аёллари


Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманидаги Ўқчи қишлоғига кираверишдаги катта йўлнинг икки томонида аёлларнинг мардикор бозори жойлашган. Бу ерга туманнинг турли қишлоқларидан мардикор аёллар тўпланиб, арзимаган ҳақ эвазига бировларнинг хизматини қилишга мажбур бўлмоқда. Аёлларнинг таъкидлашича, ширкат хўжаликларида ойлар, йиллар давомида маош берилмайди. Бунинг натижада аҳоли қашшоқлашиб, кун кўриш мақсадида мардикор бозорларига йўл олмоқда.

Туманнинг Туэл қишлоғилик аёллар ҳам шу бозорга насиба излаб келади.

“Мардикор бозорга чиқишни ўзимга эп кўрмайман. Лекин, на илож. Тирикчилик қилишим керак. Турмуш ўртоғим мардикорлик қилгани Тошкентга кетган”, - дейди туэллик аёллардан бири.

Уларнинг сўзларига қараганда, мардикор аёллар ҳар қанча оғир иш қилмасин, ёлловчилар кунига 1000-1200 сўм иш ҳақи беради.

“Бойваччалар келиб, хотинларни жуда таҳқирлайди. Улар машинадан тушмаёқ, чиройлироқ мардикор аёллар келсин, дея керилиб туради. Буниси хунук экан, буниси бўлмайди, деб аёлларни ўсал қилади”, - дейди аёллар.

Туэл қишлоғи фуқаролар йиғини раиси Эркин Қўзиевнинг айтишича, кўп ҳолларда болалар ҳам оналари билан бирга мардикор бозорга чиқишга мажбур бўлмоқда. Ёзда мактабни таъмирлаш учун ҳар бир ўқувчидан 1000-1500 сўмдан пул йиғиб олинади. Лекин буни кўпчилик ота-оналар топиб бера олмайди. Натижа ўқувчилар таъмирлашга пул бериш учун оналари билан бирга Ўқчидаги мардикор бозорга чиқади.
XS
SM
MD
LG