Линклар

“Икки юрт фарзанди” Ўзбекистон расмийларига ёқмаяпти


Саида 15 май куни Фарғонадаги ўлкашунослик музейида тадбиркор Муқимжон Йўлдошев ҳомийлигида яратилган “Икки юрт фарзанди” номли ҳужжатли фильмнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу фильмда Совет Иттифоқи Қаҳрамони, Иккинчи жаҳон уруши йилларида Белоруссияда партизанлик қилган Мамадали Топиволдиевнинг ҳаёти ҳақида ҳикоя қилинади.

М.Йўлдошевнинг маълум қилишича, фильм Петропавловск вилояти телевидениеси билан ҳамкорликда ишланган. Уни суратга олишда Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳам маълум миқдорда маблағ ажратган. Бироқ фильм учун кетган харажатларнинг асосий қисми тадбиркор ҳисобидан қопланган.

Тадбиркорнинг айтишича, бу фильмни яратишдан мақсад ёш авлодни Ватанни севиш руҳида тарбиялаш, уларда ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришдир.

Тақдимот маросимига, асосан, Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари таклиф этилди. Тақдимотда қатнашган Маъруфжон Абдураҳмоновнинг сўзларига қараганда, фильмда М.Топиволдиев ҳақида ҳикоя қилинар экан, у Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамони, дея таништирилади. Ҳолбуки, бундай унвон йўқ.

М.Йўлдошевнинг таъкидлашича, фильмни суратга олиш ишлари 2003 йил декабрь ойида тўлиқ якунланган. Қўшни Қирғизистондаги телевидениелар бу фильмни бир неча марта намойиш этган. Бу ҳужжатли асарнинг намойиши жорий йилнинг июль ойида Беларусда ҳам ўтказилиши режалаштирилган. Лекин фильмни Ўзбекистон телеэкранларига чиқаришга ҳозирча рухсат этилмаётир.

Тадбиркорнинг қўшимча қилишича, фильмнинг русча ва ўзбекча вариантлари билим юртларида, ҳарбий қисмларда, шунингдек, Беларуснинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхонаси ёрдамида бир неча маданий марказларда намойиш этилмоқда.

Тақдимотнинг яна бир иштирокчиси, Славян маданият марказининг Фарғона бўлими раиси Михаил Хорохориннинг билдиришича, М.Йўлдошев ушбу фильмни яратиш жараёнида маблағ томондан анча қийналган. Унинг меҳнати маҳсули Ўзбекистонда расман тан олинмаётгани эса тадбиркорни янада қийин аҳволга қолдирмоқда.

“Икки юрт фарзанди" ҳужжатли фильми яшаши керак. Биласизку, Собир Раҳимов ҳам Улуғ Ватан уруши давридаги ягона ўзбек генерали эди. Энди эса уни тарғибот қилманглар, ахир у совет генерали-ку, деганга ўхшаш гаплар чиқяпти. Ҳозир тарихдан давримиз учун маъқул бўлган фактларнигина қолдириш жараёни кетяпти. Лекин тарихий фактлар қайсар бўлади, уларни сохталаштириш доимо салбий натижа биланг якунланади. Уларни бошқа талқинда бериш мумкиндир, бироқ фактнинг ўзи ҳақиқат сифатида қолади”, - деди М.Хорохорин.

Унинг айтишича, Славян маданият марказининг Фарғона бўлими ушбу фильмни иложи борича кўпроқ мактабларда намойиш этилишини таъминланишига ҳаракат қилади. Зеро, бугунги авлод ҳақиқий тарихни билиши лозим.
XS
SM
MD
LG