Линклар

logo-print

Инсон ҳуқуқларини энг кўп бузаётганлар – суд ва прокуратура


Тўлқин 14 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида илк бор ўзбек тилида чоп этилган “Инсон ҳуқуқлари мониторинги” тўпламининг тақдимоти бўлиб ўтди. Маросимни бошқариб борган Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили – Омбудсман Сайёра Рашидова ва бошқа сўзга чиққанлар бу тўпламнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳақидаги билимларни тўлдириши, аҳоли, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий савиясини оширишда муҳим ўрни борлигини таъкидлади.

Маросимда таъкидланишича, мониторинг 4 ташкилот – Омбудсман, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари миллий маркази ҳамда Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиёдаги вакиллиги томонидан ўтказилган.

Инсон ҳуқуқлари миллий маркази раҳбари Акмал Саидовнинг таъкидлашича, мониторинг деганда фақат инсон ҳуқуқлари бузилиш ҳолатларини ўрганишни тушунмаслик керак. Бугунги кунда дунёда инсон ҳуқуқлари муаммосининг муҳим қирраси инсон ҳуқуқларининг амалга ошишини назорат (мониторинг) қилишдир. Чунки бу борадаги қонунлар ниҳоятда мукаммал бўлса-да, улар амалда қўлланилмаса, фақат қоғозда қолиб кетади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили – Омбудсманнинг 2003 йилги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботдан маълум бўлишича, тушган аризалар бўйича олиб қаралганда, мамлакатда инсон ҳуқуқлари энг кўп суд, прокуратура каби ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари томонидан бузилаётир.

Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи Ражаб Қодировнинг сўзларига қараганда, жазони ижро этиш тизимида сўнгги йилларда инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан бир неча бор мониторинг ўтказилган. Бошқарма уч йилдан буён Конрад Аденауэр жамғармаси билан ҳамкорликда иш олиб боради. Бу давр мобайнида Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги тарбия колонияси тарбияланувчиларига олтита компьютер хайрия сифатида тақдим этилган.

Тўплам муаллифларидан бири, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти илмий ходими Бақоеванинг айтишича, БМТнинг қийноқлар масаласи бўйича махсус вакили Тео ван Бовеннинг тавсияларини бажариш юзасидан Адлия вазирлиги ҳузурида идоралараро комиссия тузилган. Бу комиссия қийноқлар бўйича қабул қилинган дастур асосида иш олиб бормоқда.

Тақдимотни ёритишга келган журналистлар маросим ташкилотчилари билан мулоқот ўтказиш ниятида эди. Аммо ташкилотчилар журналистлар билан савол-жавобга вақт ажратмаган экан.
XS
SM
MD
LG