Линклар

Аёлларда лидерлик қобилиятини шакллантириш лозим


Саида Шу кунларда Тошкентда жамоатчилик ишларида аёллар фаоллигини оширишга бағишланган семинар тренинг бўлиб ўтмоқда. Тадбир Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан ташкил этилган. Семинар фуқаролик жамиятида аёллар ролини оширишга қаратилган бўлиб, унда мамлакатдаги нодавлат хотин-қизлар ташкилотлари вакиллари қатнашмоқда.

Жорий йилнинг декабрь ойида Ўзбекистонда парламент сайлови бўлиб ўтади. Маълумотларга қараганда, БМТ тавсияларида ҳар қандай давлат парламентида аёллар улуши 30-50 фоиз бўлиши мақсадга мувофиқ экани таъкидланади. Ўзбекистоннинг амалдаги парламентида эса бу кўрсаткич тахминан 9 фоизни ташкил этади.

Семинар тренингда қатнашаётган аёлларнинг фикрича, Ўзбекистон парламентида ҳам аёл депутатлар сонини оширишга ҳаракат қилиш зарур.

Самарқанд вилоятидаги “Оила ва ҳуқуқ” маркази раҳбари Матлуба Ғуломованинг айтишича, ўзбек жамиятида аёлларга етарли эътибор қаратилмаётир. Бунинг устига, аёлларнинг ўзларида ҳам ташаббускорлик етишмайди. Ўзбек аёллар кўпроқ оила ташвишлари билан банд бўлиб қолмоқда. Бу омил эса аёлларнинг фақат қуйи раҳбарлик лавозимларидаги ишлашига олиб келяпти. Юқори лавозимларда ишлайдиган саноқли аёлларда ҳам лидерлик хусусияти етишмайди.

М.Ғуломованинг эътирофича, аёлларнинг фақат олий маълумотли бўлиши кифоя қилмайди. Уларда лидерлик қобилиятини ҳам шакллантириш керак. Ривожланган мамлакатдарда аёлларда лидерлик руҳини шакллантирадиган мактаблар ҳам мавжуд.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистондаги давлат тузилмаларида раҳбар ходимларнинг 10 фоизигина аёллардир. Кузатувлар сўнгги йилларда жамоат ташкилотларида аёлларнинг фаоллиги ошиб бораётганини кўрсатмоқда. Аммо, тренинг иштирокчиларининг фикрича, бу фаоллик ҳозирча аёлларнинг умумий вазиятга таъсир ўтказишига имкон бермайди.

Семинарда таъкидланганидек, ўзбек аёлларининг жамиятда эркаклар каби фаол бўлиши учун анъанавий стреотиплар йўл бермайди. Шунингдек, халқ руҳиятида аёлларни раҳбар сифатида қабул қилиш ҳисси шаклланмаган.
XS
SM
MD
LG