Линклар

logo-print

Азизулло Арол 15 май шанба куни Ироқнинг бир қатор шаҳарларида қайта аланга олган тўқнашувлар бир неча фуқаролар ва коалиция аскарлари ўлимига сабаб бўлди. Мамлакат шимолидаги Мосул шаҳрида Ироқнинг янги армияси учун хизматга олиш штабига қилинган ҳужум натижасида мурожаат қилувчилардан тўрт киши ҳалок бўлди ва камида 15 одам жароҳатланди.

Ал-Жазира телеканали ва Ғарб ахборот агентликлари тарқатган бу хабарни АҚШ ҳарбийлари тасдиқламади. Бироқ¸ АҚШ армияси қўмондонлигининг билдиришича¸ жума куни Бағдод яқинида юз берган ҳужумларда оғир яраланган уч америкалик аскар ҳалок бўлган.

Британия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича¸ Амара билан Басра шаҳарлари ўртасидаги йўл бўйида пистирмага учраган Британия аскарларидан 2 киши жароҳатланди ва 16 нафар ироқлик жанггари ҳалок бўлди. Тасдиқланмаган хабарларга кўра¸ мазкур жанггарилар шиалар радикал лидери Муқтадо ас-Садр тарафдорлари бўлган.

Шунингдек¸ 15 май куни ас-Садр тарафдорлари билан коалиция кучлари ўртасида Носирия ва Карбало шаҳарларида ҳам отишмалар рўй берган. Ўтган ойда коалиция кучларига қарши исëн кўтарган¸ мазкур кучларнинг ашаддий душмани ас-Садр ўтган йили Ироқ шиаларининг мўътадил руҳонийси ҳаëтига қилинган суиқасдга алоқадорликда гумон қилиниб¸ коалиция кучлари томонидан қидирилмоқда.

Ўтган йили март ойида Ироққа кириб борган Америка аскарларидан ҳозирга қадар 800 нафари ҳалок бўлганига қарамай¸ АҚШ ўз кучларини яқин орада Ироқдан олиб чиқадиганга ўхшамайди. АҚШ расмийларига кўра¸ Ироқ ҳукумати талаб қилган тақдирдагина Америка ўз кучларини мамлакатдан олиб чиқиб кетиши мумкин. Бироқ¸ АҚШ Давлат Котиби Колин Пауэллнинг айтишича¸ Ироқ ҳукумати бундай талаб билан чиқмаслиги мумкин.

Пауэл жума куни Вашингтонда саккизлик гуруҳи йиғилишида айтишича¸ коалиция кучлари 30 июнда ҳокимият ироқликларга топширилганидан кейин ҳам мамлакатда қолиш учун етарли халқаро ҳимояга эгадир.

"Биз Ироқ халқи ўзини ва янги ҳукуматини муҳофаза қилишини қўллаб-қувватлаш учун Ироқда турибмиз. Мен Ироқнинг муваққат ҳукумати коалиция кучларининг мамлакатда қолишини маъқуллашига шубҳа билдирмайман" - деди АҚШ Давлат Котиби.

Саккизлик гуруҳи учрашуви иштирокчиси¸ Франция Ташқи Ишлар вазирининг таъкидлашича¸ 30 июнда ҳокимият ироқликларга топширилганидан кейин АҚШ бошчилигидаги Ироқ мъмурияти иложи борича барча салоҳиятни ироқликларнинг ўзига топшириши керак. Россия Ташқи Ишлар вазирига кўра¸ Ироқнинг янги ҳукумати ироқликлар томонидан қабул қилинадиган даражада бўлиши лозим.
XS
SM
MD
LG