Линклар

logo-print

КАНН КИНОФЕСТИВАЛИ

  • Ҳурмат Бобожон

Франциянинг Канн шаҳрида 57инчи бор ўтказилаётган кинофестивали очилди. 18 кино асари фестивалнинг "Олтин Палма Бошоғи" совринига даъвогарлик қилмоқда.

Бу йил Канн фестивалида қатнашиш учун келиб тушган аризалар сони аввалги йилдагига қараганда мингга кўпдир. Бунинг сабаби хусусида журналистларга изох берар экан фестивал раҳбари Терри Фремо рақамли техника боис, кино олиш осонлашганини ва фестивалга тақдим этилган филмларнинг кўпчилиги айнан рақамли форматда суратга олинганини айтиб ўтди.

Айни пайтда компьютерлар ёрдамида сценарийлар ёзиш ҳам осонлашган. Шунга қарамай, фестивалнинг асосий танлов қисмига ўтган 18 филмнинг олтитаси ўтмишда яратилган асарларнинг янги версияларидир. Улар орасида 1955 йилда суратга олинган "Аёл қотиллари" номли британ фильмининг Холливуд студиясида қайта яратилган версияси, "Шрек-2" ҳамда япон киноижодкорлари суратга олган "Гуноҳсизлик" мультпликацион фильмлари бор. Юқорида таъкидлаганимиз "Аёл қотиллари" фильмида бош ролни Том Хенкс ижро этганини айтиш жоиз.

Жорж Буш ташқи сиёсатининг ашаддий мухолифларидан бири бўлган Майкл Мур ҳам ўзининг "Фаренгейт 9/11" деб номланган ҳужжатли фильми билан бу йилги Канн фестивали "Олтин Палма бошоғи" мукофотига даъвогарлик қилмоқда. Айтиш жоиз, ўтган хафта Уолт Дисней ширкати Мурнинг ушбу сиёсий асарини бир томонлама деб топиб, унинг АҚШда тарқатилишига қарши чиққан. Ўшанда Майкл Мур Дисней студиясини цензурада айблаган эди.
Мурнинг 2003 йилда қилган Буш сиёсатини танқид қилувчи мана бу чиқиши эса кўпчиликнинг ёдида. "Биз ҳаққоний воқеаларни ёқтирамиз ва айни пайтда уйдурмалар даврида яшаяпмиз. Биз сохта сайловлар натижасида сайланган сохта президентлар даврини ҳам бошдан кечирмоқдамиз. Бир одам сохта мақсадларни рўкач қилиб бизни урушга юбораётган бир пайтда яшаяпмиз биз. Бундан мақсад хоҳ оммавий қирғин қуролларидан қутилиш бўлсин хоҳ мамлакат хавфсизлигини таъминлаш, биз бу урушга қаршимиз. Жаноб Буш уят сизга, Жаноб Буш уят сизга", - деди Майкл Мур.

Кузатувчилар, Мурнинг "Фаренгейт 9/11" картинаси Америкада тортишувларга сабаб бўлганига қарамай у Канн фестивали иштирокчилари, қолаверса француз томошабини олқишига сазовор бўлишини назардан соқит қилишмаяпти.

Холливуд нашри саналган "The Hollywood Reporter" газетаси мухбири Грегг Килди бу ҳақда шундай деди: "Майкл Мурнинг ўтган йил Канн фестивалига қўйган "Коломбайн Боулинги" филми кескин танқидга учраганди. Аммо унинг бу сафарги Президент Буш ва АҚШнинг 11 сентябр воқеаларидан кейинги сиёсати ҳақидаги филмида анча қизиқарли жиҳатлар бор. Шунинг учун, ўтган хафтада АҚШда бу асар тортишувларга сабаб бўлган бўлса ҳам, унга қизиқиш катта бўлади. Фильм мубохаса яратганининг ўзи унга бўлган қизиқишн кучайтирди", - дейди "The Hollywood Reporter" газетаси мухбири Грегг Килди.

Шу ўринда фестивалда намойиш этиладиган бошқа филмларнинг ҳам томошабин эътиборидан четда қолмаслиги айтилмоқда. Улар орасида Боснияда туғилган режиссер Эмил Куштурицанинг "Дунё бу мўжиза" деб номланган асарини тилга олиш мумкин. 1995 йилда Куштурицанинг собиқ Югославия ҳақидаги "Underground" деб номланган филми "Олтин Палма Бошоғи" мукофотига сазовор бўлганини эслаш жоиз.

Пост-совет кинематографияси Канн фестивалида қозоғистонлик режиссер Гулшод Умарованинг "Шиза" филми билан қатнашмоқда. Ушбу асар Россия ва Қозоғистонда суратга олинган. Бир пайтлар россиялик режиссер Сергей Бодровнинг "Опа-сингиллар" фильми сценарий муаллифи бўлган Гулшод Умарова бу сафар режиссер сифатида ўзининг дебют асари билан Канн фестивалида қатнашмоқда. Қозоғистонлик журналист Ардақ Нурғали Умаровнинг иккита номинация бўйича ғолиб бўлишига умид борлигини айтади. "Иккита номинациядан умид бор. Биринчиси шу пайтгача номаълум бўлган режиссерларга бериладиган "Алоҳида кўз қараш" ва дебют филмлари учун бериладиган "Олтин Камера" мукофотларидир. Гулшод Умарова Каннинг энг олий мукофоти "Олтин Палма Бошоғи" мукофтини олади деб айта олмаймизу, лекин мана шу иккита номинация бўйича умид бор", - дейди қозоғистонлик журналист.

Ўрта ер денгизи соҳилидаги хашаматли дам олиш масканида ўтадиган кино анжуманида Холивуд юлдузлари, жумладан Брэдд Питт, Том Хенкс ва Камерон Диаз қатори жаҳон поп-юлдузлари ҳам қатнашмоқда. Робби Уилямс, Лара Фабиан, Элвис Костелло концерт чиқишлари бўлиб ўтади.
XS
SM
MD
LG