Линклар

“Freedom house”: Марказий Осиё давлатларида матбуот эркин эмас


Тўлқин “Freedom house” инсон ҳуқуқлари ташкилотининг “Матбуот эркинлиги-2004: оммавий ахборот воситаларининг дунё миқёсидаги таҳлили” номли ҳисоботида Марказий Осиёдаги беш давлат матбуоти эркин бўлмаган мамлакатлар тоифасига киритилган.

“Freedom house” ижрочи директори Женнифер Уиндзор Нью Йорк шаҳрида айни ҳисобот юзасидан қилган баёнотида шундай деди:

“Мазкур давлатлар конституцияларида сўз ва матбуот эркинлиги кафолатланганига қарамай, уларнинг ҳукуматлари бу ҳуқуқларга нисбатан жиддий чекловлар жорий этган. Журналистлар ва муҳаррирлар жиноий жавобгарликка тортилиш таҳликаси остида ўз-ўзини цензура қилади. Масалан, Ўзбекистонда цензура 2002 йилда расман бекор қилинди, лекин оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонунга киритилган қўшимча Президентни танқид қилишга йўл қўймайди, муҳаррир ва ноширлар мақолаларнинг мазмуни учун жавобгардир”

Хўш, ўзбекистонлик журналистларининг ўзи бу хусусда қандай фикрда?

Маҳаллий журналист Одил Раҳимовнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ОАВнинг аҳволи бугунги кунда жуда аянчли. Тўғрисини айтганда, цензуранинг бекор қилиниши ўзбек журналистикасига қаттиқ зарба бўлган. Цензура бекор қилинмасдан илгари газеталарда анча жонли мақолалар чоп этилган. Цензура бекор қилингандан кейин эса муҳаррир ҳам, муассис ҳам цензорга айланган. Айни ҳолатни “Моҳият” газетаси мисолида ҳам кўриш мумкин. Илгари бу газетада “қора рўйхат”даги (ОАВда чиқиши чекланган ёки маън қилинган дейилмоқчи) айрим кишиларнинг фикрлари ҳам бериб борилган. Бугунги кунда эса бу газета фаолиятини тўхтатиш арафасида турибди.

“Freedom house” ҳисоботи юзасидан муносабат билдиришни сўраб, “Озодлик” мухбири Ўзбекистон Президенти девони матбуот хизмати вакили Шерзод Қудратхўжаевга мурожаат қилди.

“Ўзбекистон демократияга ўтаётган давлатлар сирасига киради. Ўзбекистонни мутлоқ демократик давлат десак нотўғри бўлади. Биз бу жараённи амалга ошириш йўлидамиз. Бу жараён ҳали якунланмаган экан, табиийки, муаммолар ҳам бўлади”, деди у.

Ш.Қудратхўжаев ҳисоботдаги муҳаррирларнинг цензура билан шуғулланиши ҳақидаги хулосага ҳам муносабат билдириб, бундай деди:

“Африкада ҳам, Америкада ҳам, хусусан, Ўзбекистонда ҳам бу (муҳаррирнинг цензура қилиши) бор тушунча. Бош муҳаррир ва муассислар жойлаштирилаётган материалларга масъулият билан қараши керак. Бунинг нимаси ёмон, билмадим. Ахир демократия, аввало, масъулият-ку, анархия эмас. Агар материалда келтирилган фактлар бировнинг шаънига тегадиган бўлса, у Америкада ҳам, Ўзбекистонда ҳам суд олдида жавоб бериши табиийдир”.
XS
SM
MD
LG