Линклар

ИРОҚДА БОШҚАРУВ КЕНГАШ РАҲБАРИ ЎЛДИРИЛДИ

  • Ҳурмат Бобожон

Душанба куни Бағдод ғарбидаги Америка ҳарбий базаси яқинида кучли портлаш рўй берди. Сўнгги маълумотларга кўра, ушбу портлаш оқибатида етти киши, шу жумладан Ироқ Бошқарув Кенгаши раҳбари Абдул Заҳро Усмон ҳам ҳалок бўлган. Изаддин Салим номи билан танилган бу шахс Бошқарув Кенгашида "Даъва Ислом Ҳаракати" номли шиа гуруҳларини ҳам тамсил этган.

Воқеа шохиди бўлган одамларнинг маълум қилишларича, портлаш Ироқ Бошқарув Кенгаши раҳбари Изаддин Салим автомашинаси ёнида рўй берган. У Бағдоддаги АҚШ кучлари қароргоҳи жойлашган "яшил зона" деб аталувчи хавфсиз худудга кириш учун бошқалар қатори текширув навбатини кутиб турган пайтда худкуш одам ўз автомашинасини Изаддин Салим минган автомобил яқинида портлаган.

Портлаш айнан Изаддин Салимга қарши суиқасд мақсадида қилинганми ёки бошқа мақсадлар бўлганми, ҳозирча бу номаълум. Бироқ, америка ҳарбийларига кўра, бу Абу Мусаб ал Зарқавий бошлиқ араб қаршилик ҳаракати гуруҳлари иши бўлиши мумкин. Ўз исмини айтишни истамаган Коалиция муваққат маъмурияти мулозими портлаш ҳудкуш амалиёти бўлганини айтди. "Фикримизча, бу ҳудкуш портлаш. Уни содир этган террорчи, портлаш оқибатида ўзи ҳам нобуд бўлган", - деди муваққат маъмурият мулозими.

Абдул Заҳро Усмон ёки кўпчиликка Изаддин Салим номи билан танилган бу шахс нафақат Бошқарув Кенгаши раиси балки, ушбу кенгашда "Даъва Ислом Ҳаракати" деб аталувчи шиа гуруҳларини бошқарган. 1950 йилларда таъсис этилган бу гуруҳ Саддам Ҳусайн бошқаруви даврида қатағонга учраганидан сўнг турли майда гуруҳларга бўлиниб кетди. Ўтган йил эса Ироқда Саддам режими тугатилганидан сўнг "Даъва"нинг Эрондан панох топган рахнамолари қатори, Изаддин Салим ҳам Ироққа қайтди. Ёзувчи, файласуф ва сиёсий арбоб сифатида Салим ўз чиқишларида Ироқда Америка оккупацияси тезроқ тугатилиши кераклигини таъкидлаб келган. Шунингдек, у Ироқ жанубида коалиция кучлари ва шиа рухонийси Мўктадо ас-Садр қуролли гуруҳлари ўртасида воситачилик қилиб, тўқнашувларнинг қон тўкилишларсиз барҳам топишига уринган.

Изаддин Салим Бошқарув Кенгашининг ўлдирилган иккинчи аъзоси бўлди. Ўтган йил сентябр ойида 25 кишилик ушбу Кенгашнинг уч аёл аъзосидан бири бўлган Оқила ал-Хошимий номаълум қуролли шахс томонидан отиб ўлдирилган эди.

АҚШ хокимиятни ироқликлар қўлига топширишга олти хафта қолганда Ироқ Бошқарув Кенгаши раҳбарининг ўлдирилиши маълум даражада бу жараёнга тўсиқ яратиши мумкиндир. Британия Ташқи ишлар вазири Жек Стро бунда ''террорчи" гуруҳларни айблар экан, шундай муносабат билдирди: Бугунги воқеа Ироқдаги террорчи ва жанггари гуруҳлар хокимиятнинг ишғол этувчилардан ироқликлар қўлига тинч ўтишини издан чиқаришга уринаётганликларини намоён этмоқда. Шу боис ушбу террорчиларнинг ўзлари Ироқ халқи душманидир", деди Жек Стро.

Ироқ ўтиш даври ҳукумати ташқи ишлар вазири Хўшёр Зебари эса душанба кунги ҳужум ироқликларнинг суверенитетни қўлга киритиш қарорини янада мустаҳкамлашини қайд этди. Иорданияда ўтаётган Жаҳон Иқтисодий Форумида сўз олган Зебари Изаддин Салимнинг ўлими хокимиятни ироқликларга бериш муддатини кечиктиришга сабаб бўлмаслигини таъкидлади. Якшанба куни айни форумда чиқиш қилган АҚШ Давлат Котиби Колин Пауэлл Вашингтон раҳбарияти Ироқда ҳокимиятини мамлакат миллий муваққат ҳукумати ихтиёрига 30 июндан кечирктирмасдан бериш мақсадида эканлигини яна бир карра таькидлаган эди.

Сўнгги олинган маълумотларга кўра, марҳум Абдул Заҳро Усмон ўрнига ироқлик суннилар жамоаси вакили Ҳожи Ажил ал –Явар Ироқ Бошқарув кенгашининг янги рахбари этиб сайланган.
XS
SM
MD
LG