Линклар

logo-print

АҚШ Давлат Департаментининг "Инсон ҳуқуқлари ва демократияни қўллаб-қувватлаш” номли янги ҳисоботи

  • Ҳасанжон

17 май куни АҚШ Давлат Департаменти “Дунё мамлакатларида инсон ҳуқуқлари ва демократияни қўллаб-қувватлаш” номли ўзининг иккинчи йиллик ҳисоботини эълон қилди. Ушбу ҳисобот Давлат Департаментининг турли мамлакатлардаги инсон ҳуқуқлари вазиятига доир ҳисоботига қўшимча тарзда чиқарилди. Аслида, бу ҳисобот 5 май куни эълон қилиниши режалаштирилган эди. Бироқ АҚШ ҳарбийларининг ироқлик махбусларни таҳқирлагани билан боғлиқ ходисалар мазкур ҳисоботнинг кечроқ эълон қилинишига сабаб бўлди.

АҚШ ҳукумати ўтган йилги ҳисоботида Бирма, Лаос ва Шимолий Корея каби давлатларда маҳбусларнинг қийноққа солиниши ва инсон ҳуқуқларининг бўзилишини қаттиқ танқид қилган эди. Бироқ айрим АҚШ ҳарбийларининг Бағдоддаги Абу Ғраиб қамоқхонасида ироқлик маҳбусларни таҳқирлагани воқеаси инсон ҳуқуқлари ва демократия соҳасида дунёдаги етакчи давлат, деб кўрилаётган АҚШ обрўсига путур етказди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига кўра, шу воқеадан кейин ўз фуқаролари ҳуқуқларини поймол этаётган бошқа давлатларни танқид қилиш АҚШ учун аҳлоқий томондан қийинроқ бўлади.

Хюман Райтс Уотч ташкилоти вакили Том Малиновский Хитой, Миср ва Зимбабве каби давлатлар Америка ҳарбийлари ироқлик маҳбусларни таҳқирлагани ходисасини рўкач қилиб, “хатто дунёдаги етакчи давлат, АҚШ ҳам инсон ҳуқуқларини поймол этмоқда”, деган баҳона билан демократия тарафдорлари руҳини синдиришга ҳаракат қилиши мумкинлигини айтади.

Бироқ, АҚШ Давлат Котибининг инсон ҳуқуқлари бўйича ёрдамчиси Лорн Крейнер инсон ҳуқуқлари систематик равишда поймол этиладиган давлатлардан фарқли ўлароқ, АҚШ ироқлик маҳбуслар хўрлангани юзасидан очиқ ва ошкора текширув олиб бораётганини таъкидлади.

Крейнер, Абу Ғраиб воқеасига қарамасдан, кўплар АҚШни барибир ўз мамлакатларида инсон ҳуқуқлари вазияти яхшиланишига ҳисса қўша оладиган мамлакат сифатида қарашларини айтади:

“Агар биз инсон ҳуқуқлари борасида энг юқори меъёрларга содиқ қолмасак, қандай қилиб бу ҳақда гапиришимиз мумкин? Президент Жорж Бушнинг ҳуқуқ бўзилишларига АҚШда қандай ёндашилаётгани ва бошқа давлатларда бундай муаммолар эътиборсиз қолаётгани ҳақидаги фикрларини эшитдингиз. Мен бунга фақат бир нарса қўшимча қилмоқчиман. Агар биз андиша қилиб Бирма, Зимбабве ёки Беларусда инсон ҳуқуқлари бузилаётганига онгли равишдааҳамият бермасак, бундан ким манфаат кўради?”, - деди Давлат Департаменти расмийси.

АҚШ Давлат Департаменти ҳисоботида дунёнинг 101 мамлакати, жумладан МДҲ давлатларида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги муаммолар хусусида сўз боради.

Ҳужжатда ҳар бир мамлакат, шу жумладан Марказий Осиё республикаларига алоҳида бўлим ажратилган. Хусусан, 2003 йилда ва жорий йил бошида Қозоғистон ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари борасидаги сиёсати қониқарсиз, деб баҳоланган. Ҳисоботга кўра, бу мамлакатда ҳукуматни ўзгартиришга уринган фуқаролар ҳуқуқлари кескин чеклаб қўйилган, демократик ташкилотлар фаолияти эса сустлигича қолмоқда.

Давлат Департаменти ҳисоботида билдирилишича, 2003 йил ва 2004 йил бошида Қирғизистонда инсон ҳуқуқлари вазияти ёмонлигича қолган, баъзи соҳаларда вазият хатто ёмонлашган. Хужжатда республика хавфсизлик хизмати ходимлари маҳбусларга нисбатан куч ишлатгани, бироқ қамоқхоналардаги жуда ёмон шароит йил давомида бир оз яхшилангани билдирлади.

Ҳисоботга кўра, Тожикистонда инсон ҳуқуқлари борасидаги вазият ёмонлигича қолган, баъзи ҳолларда ҳатто аввалгидан ҳам ёмонлашган. Хусусан, Тожикистон қамоқхоналарида тез-тез кузатиладиган маҳбусларни қийнаш ва таҳқирлаш ҳоллари жазосиз қолмоқда.

Туркманистонда эса бир партияли парламент Президент Сапармурод Ниёзовга тўлиқ бўйсуниши, ахборот воситалари эса фақат президент шахсиятини мақташ билан овора экани билдирилган. Ҳужжатда, Туркманистонда ўтган йил давомида инсон ҳуқуқлари вазияти янада оғирлашгани қайд этилади.

Ҳисоботининг Ўзбекистонга оид қисмида ёзилишича, 2003 йил ва жорий йил бошида Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги вазият деярли яхшиланмаган ва ҳукумат инсон ҳуқуқларини бузишда давом этган. Ҳужжатда Ўзбекистонда қийноқлар кенг қўлланилиши, қамоқхоналардаги аҳвол аянчли экани, мустақил журналистлар, мухолифат сиёсатчилари ва инсон ҳуқуқлари фаоллари таъқиб ва тазйиқларга рўпара бўлаётгани таъкидланади.

Шунингдек, хужжатда, 2003 йил охирида Ўзбекистон қамоқхоналаридаги сиёсий ёки диний сабабаларга кўра қамалган маҳбуслар сони 5 минг 300дан 5 минг 800гача экани маълум қилинган.

Ҳисоботда АҚШ ҳукумати Ўзбекистон раҳбариятини жамиятни демократиялаштиришга қаратилган сиёсий ислоҳотларни жадаллаштиришга яна бир бор дъват этиши ҳамда бу борада ёрдам бериб келаётгани билдирилган.
XS
SM
MD
LG