Линклар

Бош вазир яна бир ҳамлага дош берди

  • Сарвар Усмон

Қирғизистон парламенти – Жўғўрқу Кенеш вақти-вақти билан ҳукумат аъзоларини ҳамда Бош Вазирнинг ўзини чақириб ҳисобот талаб қилади. Бу сафар (17 май куни) мамлакат Бош Вазирига Жўғўрқу Кенеш Қонун Чиқарувчилар палатаси ишончсизлик билдирмоқчи бўлди. Депутатларнинг норозилигига сабаб бўлган нарса - палатанинг "Қирғизистон Республикасида табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳукумат томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижроси масаласи бўлди.

Палата депутатларининг фикрича, ҳукумат қарорда белгилаб қўйилган ишларни қаноатланарли тарзда ижро қилмаган.

Парламент аъзолари қабул қилган қарорга биноан, ҳукумат зудлик билан 20 объектни таъмирлаши, зилзила хавфи бор районлар аҳолисини хавфсиз ҳудудларга кўчириши, ядроактив чиқиндихоналар муаммосини ечиши, бир неча кўприк қуриши ва йўлларни таъмирлаши лозим эди.

Депутатларга ҳисобот берар экан, Бош Вазирнинг биринчи ўринбосари Қуваничбек Жумалиев бир қатор рақамларни келтириб ўтди. Ҳукумат вакили ҳисоботидан сўнг баъзи депутатлар бироз юмшадилар. Палата раиси, депутат Абдиғани Эркебаев мана бу фикрни билдирди:

"Ҳа, ҳукумат Қонун Чиқарувчилар йиғинининг қарорини тўла бажаргани йўқ. Бироқ, ҳукумат ҳамда Экология ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан бир қатор ишлар ҳам амалга оширилди. Инсоф юзасидан буни ҳам тан олишимиз керак. Шунинг учун мен бу масала бўйича ҳукуматга ишончсизлик билдиришга қаршиман".

Бироқ, депутат Адахан Мадумаров палата раисининг фикрига қарши фикр билдирар экан, жумладан мана бундай деди:

"Агар биз қароримизнинг биронта ҳам моддасини тўлиқ бажармаган ҳукумат бундан буёғига ҳам эплаб ишлаб турсин, деган позицияда бўлсак, бунга қарши эмасман. Агар шундоқ, позицияда бўладиган бўлсак, нима учун қабул қилаяпмиз, қонуну қарорларни?!"

Шундан сўнг минбарга ҳукумат раисининг ўзи - Николай Танаев кўтарилди ва халқ вакилларига ҳисобот бера бошлади. Бош вазирнинг ҳисоботига кўра, шу кунда республика бўйлаб 1817 оила хавфсиз ҳудудларга кўчирилиши лозим. Бош вазир яна бир қатор рақамлар келтирди. Депутатлар қарорида белгиланган ишларни молиялаш қандай ва қайси манбалардан амалга оширилаётгани тўғрисида айтиб берди.

Бош Вазир қанчалик куйиб-пишиб гапирган бўлмасин, қанча кўп рақаму маълумотлар келтирмасин, баъзи депутатларнинг кўнглини эрита олмади. Масалан, парламент Хавфсизлик қўмитаси раиси Исмоил Исақов ҳукумат парламентнинг ўтган йили қабул қилган қарорини бажармагани учун кўплаб фуқаролар табиий офатлар туфайли нобуд бўлди, шунинг учун ҳукуматга ишончсизлик билдиришимиз лозим, деб туриб олди:

"Қароримизда табиий офат хавфи кучли бўлган ҳудудлар доимий назоратга олинсин, дейилган эди. Шунга қарамай, 33 киши нобуд бўлди. Хўш, буни қандай баҳолаш керак? Келинглар, бўлмаса, мана шу фожиага йўл қўйганларга биринчи даражали "Манас" ордени берайлик, ё бўлмаса, биратўла "Қирғизистон қаҳрамони" унвонига тавсия этайлик."

Охир-оқибат парламент аъзолари ҳукуматга ишончсизлик билдириш масаласи бўйича овоз бердилар. Қарорнинг қабул қилиниши учун етарли овоз тўпланмади. Николай Танаев ва унинг ҳукумати бу сафар ҳам иқтидорда қолди.
XS
SM
MD
LG