Линклар

60 йилдан бери битмаётган яра

  • Сарвар Усмон

18 май куни қрим-татарлари она юрти – Қримдан сургун қилинганига 60 йил тўлди. Қрим-татарларнинг деярли ҳаммаси Сталин томонидан Ўзбекистонга сургун қилинган эди. Кейинги йилларда она ватан ҳиссига қулоқ солган қрим-татарлар Украина таркибидаги Қрим республикасига қайта бошладилар.

Роппа-роса 60 йил муқаддам, 1944 йилнинг 17-майидан 18-инчисига ўтар кечаси, Қрим ярим ороли фашист босқинчиларидан озод қилинганидан 5 кун ўтгач, қримнинг туб аҳолиси – қрим-татарларни Сталин месхети турклари ва чеченлардай Ўрта Осиёга, асосан, Ўзбекистонга сургун қилган эди.

Ҳукмдорларнинг тутмишларидаги мантиқни тушуниш қийин одатда. Расмий Москва қрим-татарларни ўз она юртларидан кўчирар экан, уларга, яъни бутун бошли бир халққа "ватан хоини", деган тавқи лаънат ёпиштирган эди.

Энди мана бу рақамларга эътибор беринг: қрим-татарлардан 50 минг киши урушда кўрсатган жасорати учун орден ва медаллар билан тақдирланган, 57 минг киши ватан ҳимояси учун уруш майдонларида нобуд бўлган, қрим-татарларнинг 105та қишлоғи кули фашистлар томонидан кўкка совурилган. (Бу рақамларни "Московский комсомолец"нинг 18 май сонидан олдик.)

Қрим-татарлари бошига тушган кулфатлар битта радиолавҳа учун эмас, жилд-жилд китоблар учун мавзудир. Шунинг учун бугун қайғули сананинг олтмиш йиллига бағишланиб Украина пойтахти Киевда ҳамда Қримнинг ўзида 18 май куни бўлиб ўтган тадбирлар тўғрисидаги маълумотларга тўхталсак.

Озодлик радиоси Татар-Бошқирд хизмати мухбирининг хабар беришича, қрим-татарлар депортация қилинганига 60 йил тўлиши муносабати билан Украина пойтахтида бўлиб ўтган маросимда мамлакат Президенти Леонид Кучма чиқиш қилиб:

"Қрим-татарлар ва украинларнинг тақдирлари ва тарихлари муштаракдир. Россия Қрим хонлигини йўқ қилган пайтда украинларнинг ҳам давлатчилигига асос бўлган Запорожье сечига барҳам берган эди", - деган.

Киевда бўлиб ўтган тадбир давомида қрим-татар санъати усталари катта концерт бердилар. Шуниси, характерлики, тадбир ўтаётган залда қрим-татарлар гимни янграй бошлагач, биринчи бўлиб Украина Президенти оёққа қалқди.

Шу куни Қримнинг ўзида ҳам хотира маросимлари бўлиб ўтди. Бу ердаги тадбирларда эса, Украина Бош Вазири Виктор Янукович қатнашиб, сана муносабати билан ўрнатилган ёдгорлик очилишида иштирок этди.

Ёдгорлик очилишида нутқ сўзлаганлардан бири, маҳаллий университет ректори Февзи Ёқубов жумладан, шундай деди:

"Бу бизни қабул қилиб олган ўзбек халқига, бир бурда нонини биз билан бўлишган ўзбекка, бир қултум сув тутган ўзбек аёлига, хаста болаларимизни доривор кўкатлар териб, даволаган ўзбек оқсоқолига, ўлим тўшагида ётган биродаримизга шифо тилаб дуо ўқиган ўзбек онахонига қўйилган ҳайкалдир. У бизни ўзининг эски қадрдонларидек қайта қабул қилган украин халқига ҳам ҳурматимиз ифодасидир".

Қрим-татарлар сургун қилинган куннинг 60 йиллигига бағишланиб Қримда бўлиб ўтган митингга 30 мингга яқин киши қатнашди. Митингда қрим-татарлари лидери Украина парламенти депутати Мустафо Жалилев чиқиш қилиб, ўз халқи бошидан кечирган қора кунлар ҳамда унинг шу кундаги муаммолари тўғрисида гапирди. Унинг айтишича, қрим-татарларнинг 42 ярим фоизи сургун қилингани туфайли бевақт оламдан ўтган.

Митингга дунёнинг бир қатор давлатларида яшаётган қрим-татарлари вакиллари ҳам иштирок этдилар.
XS
SM
MD
LG