Линклар

logo-print

Камол Харрозий Тошкентда


Шайбон 18 май куни Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлари вазири Камол Харрозий бир кунлик расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди. У Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов, Бош вазир Шавкат Мирзиёев ҳамда ташқи ишлар вазири Содиқ Сафоев билан музокаралар ўтказди.

К.Харрозий Ўзбекистон раҳбарияти билан музокаралар ўтказишдан аввал Тошкент Ислом университетига ташриф буюрди. У университетда Эрон хонасининг очилиш маросимида қатнашди.

К.Харрозийнинг С.Сафоев билан учрашуви ёпиқ эшиклар ортида ўтгани боис, унга журналистлар киритилмади. Мазкур учрашув мавзуси ҳақида маълумот олиш ҳам анча қийин кечди. “Озодлик” мухбири бу ҳақдаги хабарни Эроннинг Машҳад радиоси Тошкент шўъбасидаги ҳамкасблардан олишга муваффақ бўлди. Ҳамкасбларнинг маълум қилишича, бу учрашувда икки давлат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида консуллик масалалари бўйича келишув ва Ўзбекистонга Эрон томонидан 2,5 миллион доллар қийматдаги грант берилиши ҳақида битим имзоланган.

Куннинг иккинчи ярмида К.Харрозий Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев билан мулоқотда бўлди. Расмийлардан бирининг таъкидлашича, бу учрашувда икки давлат ўртасида траспорт транзити масаласи муҳокама қилинган. Эрон ташқи ишлар вазири бу масалада ҳал этилиши лозим бўлган анча муаммолар борлигини қайд этган. Томонлар мазкур муаммоларни қисқа муддатда бартараф этишга келишиб олган.

К.Харрозий Тошкентдаги сўнгги расмий музокарани Президент Ислом Каримов билан ўтказди.

Маҳаллий расмийлар Эрон ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбарининг Ўзбекистонга ташрифи ҳар икки давлат учун ҳам муҳим аҳамиятга эгалиги таъкидламоқда. Хўш, бу ҳамкорлик Ўзбекистоннинг АҚШ билан муносабатида ўзгаришларга олиб келмайдими?

Сиёсатшунос Фарҳод Толиповнинг сўзларига қараганда, Ўзбекистоннинг Эрон билан ҳамкорлиги АҚШ билан муносабатларга зиён етказмайди. Чунки ҳозирги кунда АҚШнинг ўзида ҳам Эронга нисбатан бироз ўзгача кайфият устивор. Эронда теократик тузум бироз кучини йўқотиб, дунёвий давлат элементлари кучиб бораётгани бунга сабабдир.

Аммо, дейди сиёсатшунос, Эроннинг АҚШ ва Европа давлатлари билан муносабати қандай бўлишидан қатъий назар, Ўзбекистон бу борада ўзининг мустаҳкам позициясига эга бўлмоғи лозим.

“Чунки Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистон ўз маҳсулотларини Эрон орқали жаҳон бозорига олиб чиқишдан жуда катта манфаатдор. Ўйлашимча, АҚШ Марказий Осиё давлатларининг мазкур манфаатларини ҳисобга олмасдан қолмаса керак”, - деди Ф.Толипов.

Ф.Толиповнинг таъкидлашича, Эрон билан имзоланган келишувларнинг ўзи билан Ўзбекистоннинг жаҳон бозорига чиқиш муаммоси ҳал бўлиб қолмайди. Бунинг учун катта миқдордаги сармоя киритилиши, турли хилдаги мукаммал лойиҳалар ишлаб чиқилиши лозим. Бу эса жуда тез ҳал бўладиган масала эмас.
XS
SM
MD
LG