Линклар

logo-print

Ўзбекистонда нефть ва газ кўп


Тўлқин 18 май куни Тошкентда анъанавий “Нефт ва газ. Ўзбекистон 2004” кўргазмаси очилди. Бу кўргазма саккизинчи марта ўтказилмоқда. 18-20 май кунлари бўлиб ўтадиган “Нефт ва газ. Ўзбекистон 2004” кўргазмасида, ташкилотчиларнинг маълум қилишича, 60 дан ортиқ хорижий ва маҳаллий компания иштирок этмоқда. Уларнинг кўпчилиги Россиянинг Ўзбекистон билан ҳамкорликда ишлаётган компанияларидир. Кўргазмага дунёдаги энг йирик газ монополисти – Россиянинг “Газпром” компанияси ҳам қатнашмоқда.

“Газпром” яқинда Ўзбекистонга 1 миллиард 400 миллион доллар сармоя киритиш ҳақида битим имзолаганди. Кузатувчиларнинг фикрича, бу “Газпром”нинг минтақада ўз иштирокини янада кучайиришга интилаётганидан дарак беради.

“Газпром” вакилларининг айтишича, 2004 йилнинг апрель ойида “Газпром” таркибида “Ўзбекнефтгаз” билан ҳамкорликда “Зарубежнефтегаз” шўъба корхонаси тузилган. “Зарубежнефтегаз” Устюртдаги “Шоҳпахта” конини ишга тушириш тўғрисида “Ўзбекнефтгаз” билан битим имзолаган.

Кўргазмада иштирок этаётган иккинчи йирик компания – “Лукойл”нинг (Россия) матбуот хизмати менежери Григорий Волчекнинг сўзларига қараганда, “Лукойль” Бухоро-Хива ҳудудидаги конлардан газ конденсати қазиб олиш лойиҳаси бўйича 3 йилдан буён иш олиб боради. Мазкур лойиҳа доирасида “Лукойль” 1 миллиард долларга яқин сармоя ажратишни режалаштирган.

Ўзбекистон Россия компаниялари учун муҳим ҳамкор ҳисобланади. “Газпром” Туркманистонда қазиб олинаётган газ ва нефтни Ўзбекистон ҳудуди орқали олиб ўтади. Бу эса Марказий Осиё энергетика захираларини Европага экспорт қиладиган “Газпром” учун жуда аҳамиятли.

Кузатувчиларнинг таъкидлашича, Ўзбекистондаги газ ва нефть захиралари чексиз эмас. Президент Ислом Каримов 1991 йилда бу захиралар 35 йилга етишини айтган эди. Г.Волчекнинг фикрича, ўшанда Президент аниқланган захиралар ҳақида гапирган. Аниқланмаган захиралар эса ҳали жуда кўп. Бу борада россиялик ва чет эллик ҳамкорларда хавотир ва шубҳа йўқ.

Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистон Шарқий Европа ва МДҲ мамлакатлари орасида разведка қилинган газ захиралари бўйича учинчи, нефт бўйича эса тўртинчи ўринда туради.
XS
SM
MD
LG