Линклар

Паспорт қачон қайтариб берилади?


Турғунбек Фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларидан бир нечаси хорижга чиқиш визаси олиш учун паспортларини ички ишлар бўлимига топширганидан буён анча вақт ўтган бўлса-да, ҳалигача паспортларини қайтариб ололмаётир. Ҳуқуқ-тартибот ходимлари на визага рад жавобини беради, на паспортни қайтаради.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилоти Фарғона вилояти бўлими раҳбари Абдусалом Эргашевнинг таъкидлашича, у жорий йилнинг 11 февраль куни Фарғона вилояти ИИБнинг Хорижга чиқиш, келиш ва фуқаролик ишлари бўлимига паспорт топширган. Орадан бир ой ўтгандан кейин мазкур бўлим бошлиғи Муҳаммадамин Ҳошимовга мурожаат қилганида, бошлиқ унга чиқиш визаси қўйиб берилиши, лекин бунга анча вақт кетишини айтган. Икки ойдан кейин ҳам шу мазмундаги жавобни олган. Уч ойдан сўнг эса ҳатто визага рад жавоби берилса ҳам жавоб қайтарилиши талаб қилган. Шунда бўлим ходимларидан бири виза қўйиб берилишига ИИБ бошлиғи рухсат бермаётганини маълум қилган.

“Ўтюраклар” клуби раҳбари Мўътабар Тожибоева ҳам беш ойдан буён паспортсиз юрганини таъкидлади.

“13 январь куни ИИБнинг Хорижга чиқиш, келиш ва фуқаролик ишлари бўлимига паспортимга чет элга чиқиш визасини қўйиб беришни сўраб мурожаат қилганман. Чунки 30-31 январь кунлари Бишкекда бўлиб ўтадиган анжуманга таклиф этилгандим. Ҳужжатларни топширганимга ҳам беш ой бўлиб қолди. Лекин ҳалигача бирорта жавоб олганим йўқ”, - дейди М.Тожибоева.

М.Тожибоеванинг айтишича, паспортнинг қайтариб берилмаётганига Миллий хавфсизлик хизматининг ҳеч қандай алоқаси йўқлиги аниқланган. Шунинг учун, клуб раҳбарининг сўзларига қараганда, у инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Аҳмаджон Мадумаров ва Абдусалом Эргашев билан биргаликда ИИБни фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлари учун судга беришга мажбур бўлмоқда.

А.Эргашевнинг таъкидлашича, М.Тожибоева ва ўзининг паспорти Хорижга чиқиш, келиш ва фуқаролик ишлари бўлимида сақланмоқда. Бу ҳолат паспорт ва фуқаролик тўғрисидаги қонунга ҳам зид. Шунга қарамай, Фарғона вилояти ИИБ раҳбарияти қонунни бемалол бузмоқда.
XS
SM
MD
LG