Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:14

Бирликчи устидан тергов тугади


Хабарларга кўра, “Бирлик халқ ҳаракати” партиясининг Наманган вилояти бўлими раиси Муҳаммадали Қорабоев устидан ўтказилаётган тергов жараёни ниҳоясига етган.

Поп туманидаги Халқобод шаҳарчаси фуқаролар йиғини раиси Йўлчи Дадажоновнинг шикоят аризаси асосида М.Қорабоев устидан февраль ойида жиноят иши қўзғатилган эди. Й.Дадажонов аризада М.Қорабоев ўзини калтаклаганини, бунинг натижасида тан жароҳати олганини даъво қилган. М.Қорабоев эса воқеа аксинча бўлгани, Й.Дадажонов маҳалла фаоллари кўз ўнгида ўзини калтаклаганини айтмоқда.

М.Қорабоев ўзи устидан очилган жиноят иши бўйича ўтказилаётган терговга боришдан бош тортгани учун жорий йилнинг 6 май куни ҳибсга олинганди.

М.Қорабоевнинг адвокати Руҳиддин Комиловнинг сўзларига қараганда, бу иш юзасидан тергов ниҳоясига етган. Бу жараёнда М.Қорабоевга тазйиқ ўтказилмаган.

Адвокатнинг таъкидлашича, М.Қорабоевнинг терговга боришдан бош тортгани учун ҳибсга олингани қонун нуқтаи назаридан тўғри. Бундай шароитда қонун бўйича бирликчини ишончли кишилар кафилликка олса, у 72 соат ичида озод этилиши мумкин эди. Аммо, “Бирлик” партияси раиси ўринбосари Ҳамдам Сулаймоновнинг маълум қилишича, партиянинг бир гуруҳ фаоллари ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари М.Қорабоевни кафилликларига олишни маълум қилиб, шу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идораларига ариза беришга уринишлари бесамар кетган.

“Ҳимоя гуруҳи” ташкилоти раҳбари Собитхон Устабоевнинг айтишича, М.Қорабоевнинг ҳибсга олингани ҳукуматнинг мухолифатдаги кучларни қўрқитишга қаратилган сиёсати давом этаётганидан дарак беради. Аммо ички ишлар бўлими ходимларидан бири бу иш жиноят иши эканини, сиёсатга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини билдирди.

Адвокат Р.Комиловнинг сўзларига қараганда, февраль ойида “Бирлик”нинг Жиззах вилояти бўлими раиси Муҳиддин Қурбонов ва М.Қорабоевнинг устидан жиноят ишлари очилиши ўртасида ўхшашлик жиҳатлар бор. М.Қурбонов устидан ҳам шаҳарча фуқаролик йиғини раиси аризаси асосида жиноят иши очилган. Ҳар икки ҳолатда ҳам гувоҳлар фуқаролар йиғини раисларининг одамлари – посбон, котиб, маҳалла фаоли кабилардир.

Поп тумани бўлимидан олинган маълумотларга кўра, М.Қорабоев устидан тергов жараёни якунланиб, тергов материаллари Поп тумани судига юборилган. Суд жараёни узоғи билан кейинги ҳафтада бошланади.
XS
SM
MD
LG