Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:38

Россия Киото протоколига вето қўйиши мумкин


“Тоза табиат” рукнининг аввалги сонида Европа Иттифоқига қўшилган янги аъзо давлатларда экологик муаммолар ҳақидаги маълумотлар билан танишган эдингиз. Рукннинг бугунги сонида Россия ҳукуматининг Киото протоколини тасдиқлаш-тасдиқламаслиги хусусида билдирилаётган фикр-мулоҳазалар билан танишасиз.

Шу кунларда Россия ҳукумати глобал иқлим ўзгаришининг олдини олишга қаратилган Киото Протоколини ратификация қилиши-қилмаслиги бўйича қарорини эълон қилиши керак. 1997 йилда имзоланган Киото Протоколига кўра, ривожланган давлатлар иқлим ўзгаришига сабаб бўлаётган зарарли газларнинг атмосферага чиқараётган миқдорини 5.2 фоизга камайтириб, 1990 йил даражасига тушириши лозим. Ҳужжат қонун кучига эга бўлиши учун зарарли газларнинг камида 55 фоизини атмосферага чиқараётган давлатлар уни ратификация қилиши керак.

Иқлим исишига сабаб бўладиган зарарли газларнинг 24 фоизи АҚШ, 17 фоизи Россия, 40 фоизи эса Киото Протоколини аллақачон ратификация қилган Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ва Япония ҳиссасига тўғри келади.

Европа Атроф-Муҳит Агентлиги вакили Тони Кэррит Озодлик радиосига Россия ҳукумати Киото Протоколи бўйича қарорини қачон қабул қилиши муддати белгиланмаганини айтади:

“Россия ҳукумати Киото протоколига қўшилиш-қўшилмаслик ҳақидаги қарорининг аниқ муддатини белгиламаган. Бу ҳақда бирон маълумот бериш россияликлар ўзларига хавола. Қарор қабул қилиш учун Россия ҳукуматига муддат белгилангани ҳақидаги маълумотлар - ахборот воситаларида тарқалган миш-мишлар холос. Аммо россияликлар шу фурсатдан фойдаланиб, Киото Протоколи юзасидан бирон нарса айтишлари ҳам мумкин”, - дейди Европа Атроф-Муҳит Агентлиги матбуот вакили.

Айни пайтда, Москвадаги Карнеги Маркази Илмий Кенгаши аъзоси Ксения Юдаева Озодлик радиосига Россияда Киото протоколини ратификация қилиш ёки уни рад этиш борасида ҳамон узил-кесил қарор қабул қилинмаганини маълум қилди:

“Менимча, Россияда бу борада ҳозирча умумий муросага келингани йўқ. Масалан муҳокама қилаётганлар бир фикрга кела олмаяптилар. Шунинг учун Россия ҳукумати қандай қарор қабул қилишини олдиндан айтиш жуда қийин”, - дейди россиялик мутаҳассис.

Ксения Юдаева Россиянинг Киото Протоколига қўшилишига қаршилик билдираётганлардан бири Кремлнинг иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Андрей Илларионов эканини айтади. Маълумки, Путин ҳукумати келаси 10 йил ичида мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажмини икки баробар оширишга ваъда берган. Илларионовга кўра, Россиянинг Киото Протоколига қўшилиши ана шу ваъданинг бажарилмай қолишига сабаб бўлади ва мамлакатда иқтисодий ривожланиш сустлашади.

Бироқ, Киото Протоколи тасдиқланиши тарафдори бўлган россияликлар мамлакат учун белгиланган квотанинг бир қисмини бошқа давлатларга катта пулга сотиш мумкинлигини ва бундан тушган даромад ҳисобига завод ва фабрикаларни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш мумкинлигини айтмоқдалар.

Ксения Юдаева Киото Протоколини қабул қилиш ёки уни рад этиш фақат Россия раҳбарига боғлиқлигини айтади:

“Шахсан мен Президент Путин қандай қарор қабул қилишини билмайман. Мен Киото протоколи масаласида бирон томоннинг қўли баланд келаётганини кўрмаяпман. Фикримча, буни фақат Президентнинг ўзи ҳал қилади. Бу яна бошқа омилларга ҳам боғлиқ. Масалан, Президентга қайси томон тақдим этган далиллар ишончлироқ бўлиб кўринса, масала ўша томон фойдасига ҳал этилиши мумкин”, - дейди россиялик мутаҳассис.

Ҳозирда Путин олдида икки танлов, яъни, Киото протоколини қабул қилиш ва тобора кенгайиб бораётган Европа Иттифоқига яқинлашиш ёки АҚШ каби Киото келишувини рад этиши лозим бўлади. Россия раҳбари қайси йўлни танлаши яқин фурсатда маълум бўлса ажаб эмас.

Муҳтарам тингловчи, энди диққатингизни глобал илиқлашув олдини олиш муаммосидан Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистондаги сув муаммосига қаратмоқчимиз. Тошкентдаги ҳамкоримиз Ферузанинг бугун эътиборингизга ҳавола этадиганимиз лавҳасида тобора тақчиллашиб бораётган сув ва сув таъминоти билан боғлиқ муаммолар ҳақида сўз боради.

Сув муаммолари бўйича мутахассис Сарвар Убайдуллаевнинг айтишича, сув фақат ичиш, суғориш ёки ишлаб чиқариш учун зарур бўлган ресурс эмас. Сувнинг яна бир вазифаси табиатдаги мувозанатни ушлаб туришдан иборат. Яъни табиий сув ҳавзалари учун зарур бўлган сув захираси ҳам бўлиши лозим. Ўзбекистонда эса ўтган асрнинг 70-йилларидан бошлаб табиий ҳавзаларга бориб тушиши лозим бўлган сув ресурси қишлоқ хўжалиги манфаатлари учун йўналтирилди. Натижада айни пайтга келиб йирик экологик муаммолар пайдо бўлди.

Соҳа мутахассиси Шарофиддин Сулаймоновнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда сувни қайта ишлаш саноатининг яхши ривожланмагани ҳам катта муаммолар сирасига киради. Ривожланган мамлакатларда сувдан фойдаланишнинг ёпиқ цикли яратилган. Яъни аҳоли фойдаланган сув тўғри тозалаш иншоотларига бориб тушади ва тўлиқ тозалангандан сўнг яна истеъмолчига етказиб берилади.

Ш.Сулаймонов сув тақчиллиги фақат қишлоқ хўжалиги ёки инсон саломатлигига эмас, балки иқлим ўзгаришига ҳам таъсир кўрсатувчиси муаммо эканини айтди. Унинг фикрича, иқлим ўзгариши янада жиддий оқибатларга олиб келади. Бу жараён чўлланишнинг кучайишига сабаб бўлади, биохилмахилликка, халқ хўжалигига зарар келтиради.

Ш.Сулаймоновнинг сўзларига қараганда, Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг кўплиги сув муаммоларига етарли эътибор қаратишга йўл бермаётир. Мамлакатда сувни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш борасида бирорта иш қилинаётгани йўқ.
XS
SM
MD
LG