Линклар

logo-print

Чоршанба куни Ҳиндистоннинг Конгресс партиясига янги раҳбар сайланди.

  • Ҳасанжон

Ҳиндистондаги Конгресс партияси раҳбари Соня Ганди сешанба куни Бош вазир лавозимини эгаллашдан воз кечгани ҳақида аввал маълум қилган эдик. Бироқ партия аъзолари ва Гандининг минглаб тарафдорлари Сонядан ўз қарорини қайта кўриб чиқишни талаб қилганларига қарамай, у ўз қарорида ўзгартирмади. Шу сабаб, чоршанба куни Конгресс партиясига янги раҳбар сайланди.

Ҳиндистонда ўтган умумхалқ сайловларида иқтидордаги миллатчи коалиция ҳукумат устидан Конгресс партиясининг ғалаба қозонишида унинг етакчиси Соня Ганди асосий рол ўйнади.

Бироқ, сешанба куни Президент Абдул Калам билан учрашувдан кейин Соня Ганди Бош вазир лавозимини эгаллаш ниятида эмаслигини эълон қилди:

“Бош вазир лавозимини эгаллаш менинг мақсадим эмас эди. Мен бугунгидай аҳволга тушганимда ички туйғуларимга қулоқ солишни мақул кўрган бўлар эдим. Ички туйғуларим менга бу лавозимдан воз кечишни айтмоқда”, - деди Конгресс партияси етакчиси.

Соня Гандининг кутилмаган баёноти ўз партияси аъзолари ва юз минглаб тарафдорларини лол қолдирди.

Конгресс партиясининг баъзи аъзолари Соня Гандини ишонч овози берган миллионлаб сайловчиларга нисбатан ҳурматсизлик қилмасликка чақирдилар. Айрим партия ветеранлари эса, партия ичида ҳокимият талашиш бошланиб кетиши мумкин, деган фикр ҳам билдирдилар.

Конгресс партияси матбуот вакили ҳамда партия раҳбари Соня Гандининг маслаҳатчиси Амбика Сони чоршанба куни Деҳлида журналистларга берган интервюсида партия вакиллари ва тарафдорлари Соня Гандини Бош вазир лавозимидан воз кечиш ҳақидаги қарорини қайта кўриб чиқишга чақираётганларини маълум қилди:

“Кеча кечқурун Конгресс партияси Ишчи Қўмитасининг барча аъзолари ва Бутун-Ҳиндистон Конгресс партияси Қўмиталари Соня Гандига истеъфога чиқишлари ҳақидаги аризаларини топширдилар. Улар ўзларининг юз минглаб тарафдорлари билан бирга Ганди хонимни Бош вазир лавозимидан воз кечиш ҳақидаги қарорини қайта кўриб чиқишга чақирмоқдалар”, - деди Конгресс партияси вакили.

Кашмирнинг Ҳиндистон бошқаруви остидаги қисмида фаолият олиб бораётган Конгресс партиясининг вилоят бўлими бошлиғи Абдул Ғани эса журналистларга:

“Биз Нерулар оила аъзосининг ҳокимият тепасига келиши Жамму ва Кашмир халқи манфаатига хизмат қилади, дея Соня Ганди хонимга мурожаат қиламиз. Индира Ганди ва Ражив Ганди ўлдирилганидан кейин Кашмирда вазият ёмонлашиб кетди ”, - дейди Конгресс партияси Кашмирдаги вакили.

Бу чоршанба кунги тушгача бўлган воқеалар эди. Аммо шу куни тушдан кейин бўлиб ўтган Конгресс партияси йиғилишида собиқ иқтисод вазири 79 ёшли Манмухан Сингх партиянинг янги раҳбари этиб сайланди. Бу эса Сингх Ҳиндистон Бош вазири лавозимини эгаллашини англатади.

Йиғилишдан кейин журналистлар саволларига жавоб берган Соня Ганди, сўнгги кунларда юзага келган бўҳрон барҳам топганини, Манмухан Сингх мамлакатда иқтисодий ислоҳотларни давом эттиришини билдирди.

Кузатувчиларга кўра, Сингх Конгресс партияси раҳбари этиб сайланганига қарамай, Соня Ганди мамлакатдаги энг кучли сиёсатчи бўлиб қолмоқда.

Ҳиндистонда сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар туфайли мамлакат иқтисодиётида, айниқса юқори технологиялар соҳасида сезиларли ўсиш кузатилди. Бундан асосан мамлакатнинг шаҳар аҳолиси ва жамиятнинг ўрта қатлами баҳраманд бўлди. Бироқ қишлоқ жойларида яшовчи мамлакат аҳолисининг аксарият камбағал қисми собиқ Бош вазир Атал Бихари Важпайи амалга оширган ислоҳотлар натижаларидан бебаҳра қолдилар. Сўнгги йилларда камбағал аҳоли қурғоқчилик ва қашшоқликдан азият чекди. Шу сабабли улар сайловларда Важпайи етакчилигидаги БиЖейПи партиясига қарши овоз бериш билан ўз норозиликларини билдирдилар.

Энди Конгресс партиясининг янги раҳбари Манмухан Сингх ва Ҳиндистоннинг тузилажак янги ҳукумати олдида мамлакатнинг иқтисодий ривожланишини давом эттирган ҳолда камбағал аҳоли талабларини қондириши вазифаси турибди.
XS
SM
MD
LG