Линклар

БИРИНЧИ МАХКАМА БИРИНЧИ ЖАВОБГАР

  • Ҳурмат Бобожон

Бағдодда ироқлик махбусларни қийнаганликда айбланаётган Америка ҳарбийлари устидан биринчи маҳкама жараёни бошланди. АҚШ Ҳарбий трибунали "Абу Ғрайб" қамоқхонасида махбусларни қийнаганлик ва тахқирлаганликда айбланаётган етти Америка ҳарбийсидан бири бўлган Жереми Сивитсни айбдор деб топди. Чоршанба куни бошланган маҳкама жараёнида Сивитс билан бирга яна уч америка аскари кўрсатмалари тингланди. Асли касби механик бўлган Жереми Сивитс ўзи айбига иқрор бўлди. Аммо қолган судланувчилар уларга қўйилаётган айбловларни на инкор инкор этганлар ва тан олганлар.

Ироқлик махбусларни хўрлаганликда айбдор деб топилиб, ҳарбий мундиридан мосуво қилинган Сивитсни бир йиллик қамоқ муддати кутмоқда. 24 яшар Жереми Сивитс АҚШнинг Пенсилвания штатида механик бўлиб ишлаган. Ироққа ҳарбий ҳизматга боргач эса унга қамоқхона нозири вазифаси топширилди.

Айтилишича, "Абу Ғрайб" қамоқхонасида ироқлик махбуслар ҳар хил йўллар билан қийноққа солингани, улар қип яланғоч ҳолда бир бирлари билан жинсий алоқага мажбур қилингани акс этган фотосуратлар айнан Жереми Сивитс тасвирга олган. Уч хафта олдин оммавий ахборот воситаларида илк бор пайдо бўлган ушбу фотосуратлар дунё жамоатчилигининг кескин ғазабига учраган ва АҚШда хамон давом этаётган катта сиёсий жанжалга ҳам сабаб бўлган эди.

Ҳарбий трибунал ҳайъатига кўра, Жереми Сивитс "Абу Ғрайб" қамоқхонасида махбуслар қийноққа солинганини кўра-била туриб буни бартараф этишга ҳаракат қилмаган. Қолаверса, Сивитснинг ўзи ҳам айбига иқрор бўлди. Ўз кўрсатмасида собиқ қамоқхона нозири махбусларни ечинишга мажбурлаганини, ҳатто тутқунлардан бирини хушидан кетгунича калтаклаганини бўйнига олган.

Бағдодда ўтаётган маҳкамада Жереми Сивитс билан бирга яна уч нафар Америка ҳарбийси иши кўриб чиқилмоқда. Аммо, Сивитс "Абу Ғрайб" қамоқхонасидаги қийноқлардан ҳарбий рахбариятнинг хабари бўлмаганини айтган бўлса, суд қилинаётган бошқа Америка аскарлари фақат тепадан келган буйруқни бажарганликлари ва махбуслар рухини синдириб уларни гапиритириш ва кўрсатма олиш мақсадида қийноққа солинганларини таъкидлашган.

АҚШ ҳарбийлари ироқлик махбусларга ёмон муносабатда бўлинганларини Аҳмад Хаттоб исмли мана бу собиқ махбус сўзлари ҳам тасдиқлайди. Икки ой давомида "Абу Ғрайб" қамоқхонасида хибсда ушлаб турилган Хаттоб "Ройтер" мухбирига бу ҳақда шуларни айтган: "Улар мени полга судраб олиб келишиб, оёқлари билан тепкилашди. Қайт қилдим. Шундан сўнг инглиз тилида бир нималарни гапираётган америкалик келди, таржимон билан. Ботинкасини оғзимга босиб, иқрор бўлишимни талаб қилди. Кейин мен унга нимани гапиришни ҳам билмаслигимни айтдим. "Мен ўз юмушим билан банд бир оддий одам бўлсам, нима истайсиз ўзи мендан", - дедим унга. Шунда у сен бир нарса айтишинг керак бизга, агар айтмасанг хотинингни олиб кўз олдингда осамиз, деди".
Америка аскарлари устидан маҳкама жамоатчиликка очиқ тарзда ўтаётгани айтилмоқда. Аммо, журналистларга суд залига фото ва видеокамера ёки овоз ёзувчи ускуналар билан киришлари ман этилган. Айрим журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари эса маҳкама залига умуман қўйилмаган. Хюман Райтс Уотч вакиласи бу ҳақда шундай дейди. "Фақат айрим оммавий ахборот воситалари вакилларигагина суд залига киришларига рухсат берилгани ва бошқалар у ерга киришлари мумкин эмаслиги бизга айтилди. Маҳкама чеклов муҳитида ўтаётгандай туюляпти бизга", - дейди "Хьюман Райтс Уотч" ташкилоти вакиласи Хония Муфти.

Оддий ироқликлар эса ушбу жараёнда жабрланувчилар, қолаверса маҳаллий юристлар ҳам қатнашишини талаб этмоқдалар. Улар маҳкама ўтаётган Бағдоддаги коалиция кучлари қароргоҳи атрофида тўпланиб бу борада ўз норозилигини изхор этдилар. "Агар режим ўзгарган бўлса, махбусларни қийноққа солиш каби жиноий холатларга чек қўйиш керак. Жабрланувчилар ироқлик эканини, бу ерда адолатли суд бўлиши лозимлигини ва бу жараёнда ироқлик юристлар ҳам қатнашишлари кераклигини ишғол этувчи кучлар билиши лозим", -дейди ўзини Мустафо ал Хитти деб таништирган намойиш қатнашчиларидан бири.

Навбатдаги маҳкама эшитувлари 21 май куни бўлиб ўтади. Унда қолган судланувчилар кўрсатмалари тингланиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG